Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида фуқародан ер ва уй-жойни ҳужжатлаштириб, эгалик ҳуқуқини олиб бериши учун пул олган кадастр ходими ушланди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси.

Қайд этилишича, Кадастр палатаси туман филиали ходими фуқародан Туркман маҳалласида жойлашган ер майдони ҳамда унда қурилган уй-жойга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, эгалик ҳуқуқини олиб беришини айтган.

У бунинг эвазига 1,5 минг доллар олаётганда қўлга тушган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.