Ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги хонадонда онлайн қимор ўйинлари ўтказиб келинаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, олинган тезкор маълумот асосида тумандаги хонадонларнинг бири холислар иштирокида кўздан кечирилган. Уй чет эл фуқаролари бошчилигида ижарага олингани ва таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинлари ўтказиб келинаётгани маълум бўлган.

Тезкор тадбир давомида ашёвий далил сифатида 37 дона ноутбук ва роутер, 1400 доллар пул, 34 та сим карта, 7 та телефон, 12 та банк пластик картаси далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Тергов жараёнида аниқланишича, 3 ой давомида ушбу қиморхонада 900 минг доллар айлантирилган. Гумонланувчи сифатида 12 нафар чет эл ва 18 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

«Ўзбекистон ҳудудида тақиқланганидан хабарим бор, лекин булар ўзимизни сайтимиз, фақатгина иш олиб борилади, дейишгани учун келгандим. Ёшлиқ қилдик, хато қилдик, ўйлаб кўрмадик», — дейди улардан бири.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишга тақиқлар мавжуд.

Президент қарори билан 2025 йил 1 январдан таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди. Бу қимор ўйинларига қарамликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, маблағларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг олдини олишга қаратилган, дея хабар берганди ИЛМА.