Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган оммавий норозилик намойишлари фонида истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди, деб хабар бермоқда Reuters.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, сўнгги 15 йил давомида ҳокимият тепасида бўлган 76 ёшли Ҳасина опаси билан вертолётда Ҳиндистонга учиб кетган.

Армия штаб бошлиғи генерал Вакер-Уз-Замон Ҳасинанинг истеъфога чиққанини тасдиқлади ва муваққат (вақтинча) ҳукумат тузилишини айтди. У барча сиёсий партиялар етакчилари билан музокаралар ўтказганини ва яқин орада президент Муҳаммад Шаҳобиддин билан учрашиб, кейинги қадамларни муҳокама қилишини қўшимча қилди. Ҳукуматни ким бошқариши ҳозирча номаълум.

Генерал, шунингдек, барча Бангладеш халқи учун «адолат» ваъда қилди ва намойишчилардан «безарар ва тинч йўлга қайтишни» сўради.

Минглаб одамлар, шунингдек, бош вазир расмий қароргоҳи Ганабҳабанга бостириб кирди. Намойишчиларнинг бир қисми у ердан телевизор, стул ва столларни олиб чиқди.

Намойишчилар Шайх Ҳасинанинг отаси ва мустақиллик ҳаракати етакчиси Шайх Мужибур Раҳмон ҳайкали тепасига чиқиб, унинг бошини болта билан узаётгани акс этган кадрлар пайдо бўлди.

Шайх Ҳасина. Фото: Delwar Hossain / Wikimedia.Шайх Ҳасина. Фото: Delwar Hossain / Wikimedia.

Нега норозилик намойишлари бошланди?

Бангладешда норозилик намойишлари июль бошида бошланганди. Мамлакатнинг элита университетлари талабалари 1971 йилда Покистондан мустақиллик учун урушда қатнашган фахрийларнинг қариндошларига давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисмини захиралаш тизимини ўзгартиришни талаб қилиб кўчаларга чиққан. Уларнинг айтишича, тизим адолатсиз ва ишчилар лавозимларга хизмати асосида танланиши керак.

Расмийлар намойишларни куч билан бостирди. Полиция билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 10 мингга яқин одам ҳибсга олинди. Бу намойишчиларни вақтинча тарқатиб юборишга ёрдам берди, аммо ўлимларнинг кўплиги халқ норозилигини кучайтирди, дея таъкидлайди The New York Times. Натижада ҳафта охирида намойишлар мамлакат бўйлаб тарқалди ва тартибсизликларга айланиб кетди, намойишчилар Ҳасинанинг истеъфосини талаб қилди.

  • Шайх Ҳасина дунёдаги энг узоқ вақт хизмат қилган аёл ҳукумат раҳбарларидан бири эди. Январь ойида бош вазир тўртинчи муддатга қайта сайланганди. Мухолифатдаги Бангладеш Миллий партияси (BNP) сайловларни бойкот қилди ва ҳукмрон партияни сохта натижаларни қонунийлаштиришда айблади. BNP, шунингдек, сайлов кампанияси давомида 25 минг партия аъзоси ҳибсга олингани ва деярли 10 миллион киши қочишга мажбур бўлганини айтди.