Шавкат Мирзиёев 5 август куни рақобатни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, сўнгги беш йил ичида 25 дан ортиқ маҳсулот бўйича рақобат муҳити яхшиланган. 7 та фаолият тури бўйича рақобатни чекловчи эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинган. Давлат иштирокидаги корхоналар 42 фоизга камайиб, тадбиркорлик субъектлари сони 1,6 баробар кўпайган.

Ўтган йили «Рақобат тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига қўшимча таъсирчан ваколатлар берилди. Шу асосида олиб борилган ўрганишларга кўра, айрим ташкилотларда рақобатга зид қарорлар қабул қилиш, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, савдода устун мавқедан фойдаланиш каби ҳолатлар бор.

Шу боис соҳадаги ишлар қамрови ва самарадорлигини ошириш мақсадида Рақобатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, бозорга киришни эркинлаштириш, тадбиркорларга тенг шароитлар яратиш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланади.

Ҳужжат тадбиркорларнинг бозорларга эркин киришини қийинлаштирувчи норматив-ҳуқуқий моддалар ва ортиқча талабларни бекор қилиши режалаштирилмоқда.

Тартибга солиш юкини қисқартиришга қаратилган енгилликлар жорий этилади, жумладан, рухсат берувчи жараёнлар ва лицензиялар жавобгарликни мажбурий суғурталаш билан алмаштирилади.

Табиий монополия соҳаларида мустақил бозор регуляторлари жорий этилади. Табиий монополия соҳалари билан ўзаро боғланган ва рақобатни ривожлантириш имконияти бўлган товар бозорларида табиий монополия субъектлари иштироки чекланади.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев.Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилилло Тўрахўжаев.

Бундан ташқари, тўғридан-тўғри амалга ошириладиган давлат харидлари кўлами қисқартирилиб, давлат харидлари рақобатли усулларга тўлиқ ўтказилади. Рақобатни чекловчи индивидуал хусусиятга эга давлат ёрдами, шу жумладан, эксклюзив ҳуқуқ, имтиёз, преференция ва енгилликлар бекор қилинади.

Давлат органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархлари шаклланиши занжирининг барча бўғинларини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади. Рақобатга қарши келишув ва хатти-ҳаракатлар, тил бириктириш ҳолатлари ҳақида маълумот тақдим этган шахсларни ошкор этмаслик ва мукофотлаш тизими жорий этилади.

Концепцияни амалга ошириш натижасида энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизматлари каби қатор соҳаларда 17 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич тугатиш чоралари кўрилади

Бундан ташқари, давлат харидларида рақобатга зид ҳаракатларнинг олди олиниб, бу жараёнларнинг шаффофлиги таъминланади. Товар-хомашё биржаларида таклифлар кўпайтирилиб, харидорларнинг танлаш имконияти кенгайтирилади.

Президент иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш, айрим функцияларни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш зарурлигини таъкидлади. У товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат ҳолатини доимий таҳлил қилиб, тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб бориш вазифасини қўйди.

Охирги уч йил давомида жойларда рақобат қонунчилигига зид бўлган 2000 дан ортиқ хатти-ҳаракатлар аниқланган. Аксарият ҳолларда бу маҳаллий ҳокимликлар ва вазирликларнинг ҳужжатлари ҳисобланади. Шу боис Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ишини жонлантириш, кадрлар малакасини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.