Иқтисодчи, Нью Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz»га берган интервьюсида нима учун матни деярли бир хил бўлган конституциялар турли мамлакатларда турлича ишлашини тушунтирди.

Журналист унга қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

«Том Гинсбург билан суҳбатингизда конституциялар нима учун кераклиги ҳақида гап боради. Бундан ташқари, ўзингиз ҳам конституция ҳақида фикр билдирасиз ва ёзасиз. АҚШ конституцияси ҳақида бир ҳазиломуз гап бор: АҚШ конституцияси мамлакат энг кўп экспорт қилган нарсалардан бири дейишади. АҚШ конституциясига энг ўхшаш ҳужжатлардан бири, масалан, Уганда конституцияси ҳисобланади. Лекин бу конституция Угандани АҚШ каби бойитиб юбормади. Сиз булар орасида қандай фарқ бор деб ўйлайсиз?»

Беҳзод Ҳошимовнинг қайд этишича, бу ҳақда фикрлаганда, бир муҳим жиҳат айтиб ўтилиши лозим, яъни АҚШ конституцияси ёзилаётган вақтда асосий савол «Қандай қилиб мамлакатни бойитиб юборамиз?» бўлмаган. Асосий масала қандай қилиб эркинлик ва хавфсизликни барқарор равишда таъминлаш бўлган.

«Улар (АҚШ конституцияси муаллифлари — таҳр.) ўқиган ва бадавлат одамлар гуруҳи бўлган. Улар яна уруш бўлса ёки колониализм бўлса, бу муаммоларга олиб келишини билган. Улар қандай қилиб фарзандларимизнинг ва ватандошларимизнинг ҳақларини барқарор равишда таъминлай оламиз дейишган. Қандайдир ривожланиб кетиб, Англиядан бой бўлиб кетайлик, деган нарсани улар орзу ҳам қилишмаган», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

Иқтисодчининг таъкидлашича, АҚШ конституцияси ёзилиши жараёнида бундай мулоҳазалар деярли мавжуд бўлмаган. Бойиш унчалик муҳим масала эмасди ва энг муҳими маълум бир доира вакилларининг эркинлигини таъминлаш бўлган.

«Эркинлик деганда ҳам, уларнинг вақтида эркинлик назарда тутилган, яъни гап оқ эркакларнинг эркинлиги ҳақида кетмоқда. Шунинг учун мақсад бойиш эмас. Угандага келадиган бўлсак, мен нафақат Уганданики, балки деярли барча конституциялар АҚШ конституциясига ўхшаб ёзилган деб ўйлайман», — деди у.

Мутахассис фикрларини тушунтириш учун АҚШ конституцияси ёзилиши билан боғлиқ воқеани мисол қилиб келтирди. Ҳозирги АҚШ Олий суди судьяси Нил Горсучнинг китоби ана шу жараёнларда янграган энг машҳур иқтибослардан бири билан номланади: «Республика бўлди, агар сиз уни сақлаб қола олсангиз (A Republic, if you can keep it)».

«Бу иқтибос қаердан келади? Бир гуруҳ оқ эркаклар томонидан АҚШ конституцияси ёзилиб, бандлари келишилгач, улар тарқалаётганда бир қарироқ аёл муаллифлардан бирини тўхтатиб: „Жаноб, нима бўлди? Монархия бўламизми ёки жумҳуриятми? Бу дискуссия нима билан тугади, балки Жорж Вашингтон қирол бўлар?“ деб сўрайди. У одам эса жумҳурият бўлди, агар биз уни сақлаб қололсак, деб жавоб беради», — дея воқеани тасвирлади иқтисодчи.

Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, конституция қоғозга туширилган сўзлар ҳисобланади ва унга маъно берувчи нарса кучнинг тақсимоти саналади. Бу ҳужжатни ёзган одамларда эса унинг «сиёҳи қуриб бўлмасидан» аввал ҳам бу ҳужжат қанчалик кўпга чўзилиши, у қанчалик ишлаб кета олиши бўйича хавотирлар мавжуд бўлган.

«Шунинг учун Угандадаги конституция ишламаслиги нормалроқ, АҚШники ишлаётгани эса қандайдир мўъжизавий нарса. Ўзи қоғозда ёзилган нарса қандай қилиб ҳаётда ишлаши метафизик маънода қийин, қизиқ нарса-да. Шунинг учун ҳам конституцияни кўчиришдан кўра унинг маъносини англаш [қийинроқ]», — дейди у.

Иқтисодчи, шунингдек, фикрини тушунтириш учун машҳур иқтисодий сиёсатчи Дуглас Нортдан қуйидаги иқтибосни келтирди: «Тийиб туриш тизимлари қачон ишлайди? Қачонки элита ўшани ўзи учун ёзса. Агар элита халқ учун конституция ёзса ва ўзи учун истисно қилса, демак, бу ишламайди».

«Яъни АҚШ конституцияси ишлаб, бошқа қайсидир мамлакат конституцияси ишламаслигидаги фарқ унда нима ёзилганида эмас. Ихтиёрий конституция, ихтиёрий қонунлар жилди қандай бўлишидан қатъи назар, ҳукми ва кучи бор инсонларга тааллуқли бўлса ҳамда улар шу нарсага бўйсунишга мажбур бўлса, у нарса яхши ёзилган, лекин ҳукми бор қатлам учун ишламайдиганидан кўра анча яхши. Агар ишламаса, у нарса конституция эмас, Дуглас Нортнинг таърифлари шу», — деди у.

Унинг айтишича, баъзи тузумларда конституция элита ва баъзи инсонлар учун истисно қилинади, баъзи тузумларда эса конституция ички элитар қонун-қоидалар ҳисобланади. Айнан мана шу сифат билан тузумлар фарқланади.

«АҚШ конституцияси ҳам ёзилаётганда ҳеч ким аёллар овоз беришга ҳақли экани ҳақида ўйламаган. Ёки қора танли инсонларнинг қулликдан озод этилиши ҳақида гап йўқ. Шунинг учун ҳам бу АҚШ аҳолисининг кичик бир доирасини ташкил қилувчи, оқ танли, ер эгалари бўлган эркаклар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун бўлган деяпман», — деб таъкидлади Беҳзод Ҳошимов.

Унга кўра, кейинчалик ҳужжатдаги маъно дастлабки ўйланган маънодан кўра анча кенгайган. Лекин муаллифлар конституцияни ёзаётган вақтда фақатгина 13 та колониядаги бир неча юз мулкдор ўзаро низоларга бормаслиги учун қонун-қоидалар ёзиб олишни назарда тутган. Мулк низолари бўлса, ҳал қилиш учун суд деган ташкилот тузилган, унинг судьяси қандай сайланиши ва қандай лавозимидан кетиши келишилган. Муносабатларнинг шундай институтлар орқали ҳал қилинишини ҳужжатлаштириш учун конституция ёзилган.

«Ҳозир, масалан, Угандада қандай бойисак бўлади деган савол билан [конституция] ёзишади. Лекин ўша вақтда бу жуда ҳам примитив ҳужжат эди. Лекин мен конституцион тарих бўйича мутахассис эмасман, Гинсбург каби олимлар китобларини ўқиганман, улар билан суҳбатлашганман. Ҳозирги гапларимни ўша тадқиқотлар ва ёзувлар истеъмолчиси сифатида гапиряпман», — деди иқтисодчи.

Журналист эса Беҳзод Ҳошимовга тўлдирувчи савол билан мурожаат қилди: «Демак, конституция ёзилаётганда асосий маъно ўша элита муносабатларини тартибга солиш ва ўша элитанинг ўрнига келувчилар қандай муносабатларга киришишини ўйлаб ёзилганми?»

«Жуда тўғри гап. Ўша элита кетганидан сўнг кейинги гуруҳ келганида эски элитанинг ҳақлари ҳимояланиши нуқтаи назаридан ҳам ёзилган. Ўша вақтда ҳамма ерда, жумладан, АҚШда ҳам ким кучли бўлса, барча иқтисодий ресурслар ҳам ўшанга тегишли бўларди. Мавжуд элитар қатламнинг асосий қўрқуви эса ўз мулкларининг ноқонуний мусодара қилиниши эди ва улар бунга қарши воситалар яратишга ҳаракат қилишган. Масалан, Жорж Вашингтон энг катта ер эгаларидан бири эди. Улар нима қилсак бизнинг ва фарзандларимизнинг мулкини марказдаги инсонлар исталган вақтида тортиб ололмайди, деб ўйлашган», — деди Беҳзод Ҳошимов.

Интервьюни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.