Сиёсат

дайжест

Президент қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтди

Шавкат Мирзиёев 10 кун давом этган меҳнат таътилидан қайтди. Жорий ҳафтада давлат раҳбари Қозоғистонда бўлиши ва «Марказий Осиё + Япония» форматидаги саммитда иштирок этиши режалаштирилган. Ҳафта якунида Япония бош вазири Фумио Кисида Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.


дайжест

Қозоғистон президенти Остонада Ўзбекистон раҳбари ёрдамчиси Саида Мирзиёевани қабул қилди

Қозоғистонда ўтаётган «Заковат» халқаро интеллектуал ўйинлари муносабати билан Остонага борган Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёевани Қосим-Жомарт Тоқаев қабул қилди. Қозоғистон раҳбари икки давлат президент админстрациялари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.


Иқтисодиёт

дайжест

«Элита конституцияни халқ учун ёзиб, ўзи учун истисно қилса, у ишламайди» — Беҳзод Ҳошимов

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz»га берган интервьюсида нима учун матни деярли бир хил бўлган конституциялар турли мамлакатларда турлича ишлаши ҳақида фикр билдирди. «Агар элита халқ учун конституция ёзса ва ўзи учун истисно қилса, демак, бу ишламайди», — дея таъкидлади у.


дайжест

Урганч аэропорти модернизация қилиниб, бошқарувга ўтказилади

Урганч аэропортини модернизация қилиш — янги учиш-қўниш йўлаги, янги терминал ва бошқа объектларни қуриш ҳамда «Қуриш, фойдаланиш, топшириш» ((Build-Operate-Transfer — BOT) модели бўйича давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга ўтказиш режалаштирилмоқда.


дайжест

Ўзбекистонда «яшил» станциялар ишлаб чиқарадиган электр энергияси улуши 25−30 фоизга етди — Энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда 2024 йилда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25−30 фоиз қисми «яшил» станциялар ҳиссасига тўғри келмоқда. 3 йилда ИЭСлар ишлаб чиқарган электр энергияси улуши 90 фоиздан 70 фоизгача тушди.


дайжест

Президент Рақобатни ривожлантириш концепцияси билан танишди. Асосий маълумотлар

Президентга рақобатни ривожлантириш концепцияси тақдим этилди. Энергетика, аэропорт хизматлари ва бошқа соҳалардаги 17 турдаги давлат монополияларини тугатиш кутилмоқда. Рухсатномалар ва лицензиялар мажбурий суғуртага алмаштирилади, табиий монополиялар соҳасида мустақил регуляторлар пайдо бўлади.


Жамият

дайжест

Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик норозилигига учради

Реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилди. Бироқ қонун мулкдорларнинг ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилмаслиги ва бошқа сабаблар туфайли жамоатчилик норозилигига учради. Пойтахт ҳокими қонун қабул қилинмасидан аввал жойларда реновация лойиҳалари амалга ошириш ҳақида қарор имзолади.


дайжест

«Саидазиз медгородок» 20 йилга қамалди

«Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиев 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланди.


дайжест

«Дунё садолари»: 6 млрд сўмга тушган фестиваль ва Андижон ҳокимининг танқидга учраган нутқи

Хонобод шаҳрида 29−31 июль кунлари «Дунё садолари» II халқаро фестивали бўлиб ўтди, унга жами 6 млрд сўм маблағ сарфланди. Андижон вилояти ҳокимининг журналистларга «Қўлларингдан бало ҳам келмайди» деб мурожаат қилгани айтилди. Бироқ ҳокимлик буни рад этди. Батафсил.


дайжест

Андижонда юк машинаси темирйўл кўпригига бориб урилди

Душанба куни тонгда Андижон туманида ҳайдовчиси ухлаб қолган юк машина темирйўл кўпригига бориб урилди. Оқибатда кўприк ва машинага зарар етди.


дайжест

Ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ кучаяди

Ўзбекистонда ҳафта бошида ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. 8−9 августда иссиқ кучаяди ва аксарият ҳудудларда ҳаво +40…+44 даражагача исийди. Айрим кунларда тоғолди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ҳам мумкин.


дайжест

Россиядан Ўзбекистонга учаётган йўловчи самолёти дўлга дуч келди

Красноярск-Тошкент йўналишида учаётган самолёт парвоз вақтида «аномал метеорологик ҳодиса» — дўлга дуч келди. Бортдаги 176 кишига зарар етмади, аммо самолётнинг олд ойналари ва метеолокатор қисми шикастланди. Ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.


дайжест

Самарқандда Isuzu юк машинаси ёниб кетди

Пайариқ тумани тез тиббий ёрдам биносининг ёнида Isuzu юк автомобилида ёнғин содир бўлди. Воқеа оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳодиса жойидаги Cobalt ёнғин таъсирида зарарланган бўлиши мумкин.


дайжест

Сирдарё дарёсидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 87 млрд сўмдан ортиқ зарар етди

Сирдарё дарёсининг Бекобод туманидан ўтган ҳудудида қум-шағал аралашмалари қазиб олинаётгани аниқланди. Бунинг ортидан табиатга 87 млрд сўмдан ортиқ зарар етди, 3 та юк машинаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.


дайжест

Сурхондарёда UAZ ағдарилиши оқибатида 6 киши жароҳатланди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида иккита UAZ тўқнашувида улардан бири ағдарилди. Оқибатда машина салонидаги 6 киши жароҳатланди. ЙТҲга оид ҳужжатлар жиноий судга юборилди.


Спорт

дайжест

Олимпия ўйинларида қирғизистонлик боксчига ўзбекистонлик мураббий секундантлик қилди. Нега?

Париждаги Олимпия ўйинларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ўзбекистонлик мураббий секундантлик қилди. Спортчининг шахсий мураббийи аккредитация муаммолари сабаб Парижга боролмагани учун жангни ўз уйида экран қаршисида томоша қилди.


дайжест

«Тайёргарлик учун вақтимиз етмади». Тимур Кападзе — футболчиларнинг Олимпиададаги иштироки ҳақида

Футбол бўйича Ўзбекистон U-23 жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Олимпиада учун таркибни шакллантиришда қийинчиликлар бўлгани ва мусобақага тайёргарлик кўриш учун вақт етарли бўлмаганини таъкидлади. У ҳеч бир футболчига эътирози йўқлигини айтиб, таътилга чиқиш режасини эълон қилди.


Жаҳон

дайжест

Украина илк F-16 қирувчи самолётларини қабул қилиб олди

Украина президенти Американинг F-16 қирувчи самолётлари биринчи партиясини олганини тасдиқлади. Киевга уларни олиш учун икки йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. 2024 йил охиригача мамлакатга 20 та шундай самолёт келиши кутилмоқда.


дайжест

Британияда оммавий тартибсизликлар давом этмоқда

Британия шаҳарларида Саутпортдаги болалар рақс студиясига уюштирилган ва уч қизчанинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан сўнг мигрантларга қарши намойишлар ва зўравонликлар давом этмоқда. Бош вазир Кир Стармер тартибсизликларни «ўта ўнг бандитизм» деб атади.


дайжест

Япония Марказий Осиё давлатларига Россияни четлаб, Европага йўл очиш учун молиявий ёрдам таклиф қилади — ОАВ

Япония бош вазири Фумио Кисида Марказий Осиё давлатларига Россияни четлаб ўтиб, минтақа ва Европани боғлайдиган янги савдо йўлини яратиш учун иқтисодий ёрдам таклиф қилади, деб хабар бермоқда Япония ОАВ. Аввалроқ АҚШда ҳам шунга ўхшаш режалар ҳақида гапирилган эди.


дайжест

Япония фонд бозорида 1987 йилдан бери энг катта қулаш юз берди

Япония фонд бозори 12,4 фоизга тушиб кетди, бу 1987 йилдаги «қора душанба»дан бери энг катта қулаш бўлди. Иена курсининг кўтарилиши, пул-кредит сиёсатининг кескинлашиши ва АҚШда иқтисодий маълумотларнинг ёмонлашуви туфайли инвесторларнинг япон фонд бозорига ишончи пасайди, деб ёзди Bloomberg.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!