Андижон вилояти Хонобод шаҳрида 29−30−31 июль кунлари «Дунё садолари» II халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, фестивалга жами 6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Халқаро фестивал давомида Хонобод шаҳрига маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар сони 2,5 баробар (2 млн нафар) ортгани қайд этилди.

Фестивални очиб бериш учун сўзга чиққан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бу тадбир аслида икки йилда бир марта ўтказилиши режа қилингани, бироқ президент топшириғига асосан бу йил ҳам ташкил этилганини билдирди.

андижон, дунё садолари

«Хабарингиз бўлса, бир йил олдин биринчи фестивални ўтказганмиз. Қарор бўйича бу [фестиваль] икки йилда бир марта бўлиши керак эди. Яқиндагина ҳурматли президентимиз „Халқинг шунча қўллаб-қувватлаяпти, ёқяпти, ҳар йили қиласан“, деган топшириқни бергани учун бу йил ҳам фестивалнинг иккинчи қисмини давом эттиряпмиз», — деди у.

Фестивалда маҳаллий ва Inna, Jah Khalib, Jony каби хорижлик санъаткорлар чиқиш қилди.

Уларни мамлакатга олиб келиш харажатлари ҳақида «Газета.uz»нинг вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бошлиғи Муслимбек Иброҳимовга берган саволига қуйидагича жавоб олинди:

«Гонорарлар ҳақида деярли ҳамма ахборот нотўғри берилди. Аслида, бу маълумотлар интернет оламида очиқ. Google ва Yandex орқали расмий манбалардан бемалол топасиз. Кимдандир сўраш ёки алоҳида суриштириш шарт эмас буни».

Матбуот котиби яқин орада бу бўйича аниқ маълумот беришга ишонтирди.

«Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир»

Тармоқларда фестивални ёритиш учун келган журналистлар тадбирга киритилмагани ҳақида видеохабарлар тарқалди.

Шундан сўнг эса вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг кимга қарата айтилгани саволли бўлиб қолган қуйидаги мурожаати пайдо бўлди.

«Тушунган инсон бўлса, ўзингизга энг яқин инсон деб қабул қилинглар. Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир. Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади холос бошқа нарса бўлмайди», — деган ҳоким.

Тадбирда қатнашган журналистлар бу уларга қарата айтилгани ҳақида хабар берди. Жумладан, Darakchi.uz нашри ходими ўзи айни шу жараёнда қатнашганини билдириб, «Ҳоким учун журналистлар ҳеч кимми?» номли мақола эълон қилди.

M5 телеканалининг Markaziy Studiya дастурида ҳам ҳокимнинг сўзлари журналистларга қарата айтилгани ҳақида сўз борди.

Бироқ Муслимбек Иброҳимов юқоридагиларни рад этди. «Газета.uz» ундан мурожаат манзилини сўради ва қуйидагича жавоб олди:

«Бу ишга (журналистларга — таҳр.) тааллуқли эмас. Эшитган бўлсангиз, гаплари охирида кулимсираяпти. Шундан ҳам билсангиз бўлади, фикрлар мазмуни умуман бошқа эканини. Журналистларга айтмади. Навбатдаги сунъий негативга дуч келдик, менимча», — деди матбуот котиби. Бироқ савол барибир очиқ қолди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълумотларга кўра, ҳоким ушбу сўзларни вилоятда ўтган «Дунё садолари» халқаро фестивали бўйича журналистлар билан Хонобод шаҳрида ўтказилган мулоқотда гапирган. Унда пойтахтдан келган бир гуруҳ марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари — журналистлар қатнашган.

Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда очиқлик сиёсатини, матбуот ва сўз эркинлигини, журналистларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда Андижон вилояти ҳокими журналистларга қарата айтган юқоридаги сўзларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, деб ёзди уюшма.

Журналистлар уюшмаси янгиланган Конституциянинг 82-моддасида ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланганини эслатди.

Барча мутасадди раҳбарларни бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу нормага ҳам қатъий амал қилишга чақиради. Уюшма Андижон вилояти ҳокими билан боғлиқ юқоридаги ҳолатни қоралайди. Ўз навбатида, ушбу ҳолат бўйича тегишли органлардан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ муносабат билдиришини сўрайди, дейилади баёнотда.

андижон, дунё садолари

андижон, дунё садолари

андижон, дунё садолари

андижон, дунё садолари