Украина президенти Владимир Зеленский илк бор Американинг F-16 қирувчи самолётлари қабул қилиб олинганини эълон қилди. Янги самолётларни армия таркибига киритиш маросими 4 август — Ҳарбий-ҳаво кучлари кунида бўлиб ўтди.

«F-16 Украинада. Биз буни амалга оширдик», — деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram каналида.

«Мен ушбу самолётларни сифатли даражада ўзлаштираётган ва уларни давлатимиз учун ишлата бошлаган барча йигитларимиз билан фахрланаман. Бу натижа учун жамоамизга миннатдорлик билдираман. F-16 борасида ҳақиқатан ҳам самарали ёрдам бераётган барча ҳамкорларимизга ва самолётларни тақдим этиш ҳақидаги сўровимизни қабул қилган биринчи давлатлар — Дания, Нидерландия, Қўшма Штатларга ва барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман — биз сизнинг ёрдамингизни қадрлаймиз!» — дея қўшимча қилди у.

Зеленский мамлакатга қанча самолёт келганига аниқлик киритмади. Британиянинг Economist журнали эса Украина режалаштирилган 79 та F-16 қирувчисидан 10 тасини июль ойининг охирги кунида олганини хабар қилди. Яна 10 та самолёт Киевга шу йил охиригача етиб бориши керак, қолганлари эса 2025 йилда партия ҳолида келтирилади.

Нашр билан суҳбатлашган мутахассисларнинг сўзларига кўра, Украинанинг F-16 самолётларини олишда узоқ вақт кечикиши, биринчи навбатда, украиналик учувчилар учун ўқув ўринлари йўқлиги билан изоҳланади. Лисоний қийинчиликлар, шунингдек, қирувчиларни қабул қилишда инфратузилмани яратиш учун зарур бўлган вақт ҳам ўз таъсирини кўрсатган, чунки F-16 рус аналогларига қараганда кўпроқ техник хизмат кўрсатишни талаб қилади.

Украина ва Ғарб расмийларининг фикрича, топширилган F-16 самолётлари жанг майдонидаги вазиятни дарҳол ўзгартира олмайди, деб ёзади The Washington Post. Газетанинг таъкидлашича, самолётлар сони «жуда оз» бўлади, уларни уриб туширишга қодир бўлган Россия ҳаво мудофаа воситалари эса «жуда кўп». «Бу шуни англатадики, дастлабки F-16 самолётлари, эҳтимол, Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун хизмат қилади — ракеталар, дронлар ва самолётлар каби ҳаво нишонларини йўқ қилиш учун, Россиянинг қуруқликдаги қўшинлари ва фронт яқинидаги бошқа ҳарбий объектларга ҳужум қилиш учун эмас», — деб ёзилган мақолада.

Июль ойи бошида Дания ва Нидерландия ҳукуматлари АҚШ кўмагида F-16 самолётларини Украинага «топшириш» жараёнида иштирок этаётганини эълон қилганди. Нидерландия Киевга 24 та, Дания 19 та қирувчини етказиб беришни ваъда қилган.

  • 2023 йилнинг май ойида Қўшма Штатлар Европадаги иттифоқчилари билан F-16 самолётларида украиналик учувчиларни ўқитишга келишиб олган. Қарор Европа Иттифоқи мамлакатларига ушбу самолётларни Киевга жўнатиш тўғрисида эълон қилиш имконини берди, чунки Америка ҳарбий техникасини қайта сотиш фақат АҚШ розилиги билан амалга ошади.
  • Украинанинг ҳозирги ҳаво флоти асосан Совет давридаги МиГ-29 ва Су-27 қирувчи самолётларидан иборат. Улардан фарқли ўлароқ, F-16 узоқ масофалардаги душман нишонларига ўқ узиши ва юқори аниқликдаги бомбаларни ишга тушириши мумкин.