Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе 5 август куни матбуот анжумани ўтказиб, терма жамоанинг Олимпиадага чиқиш йўли, унга тайёргарлик ва турнир якунлари ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, бундан уч ярим йил аввал футбол ассоциацияси раҳбарияти Олимпиадага йўлланма олиш вазифасини қўйган ва бунинг учун «Олимпик» футбол клуби ташкил этилган.

«Бу жамоа илк мавсумданоқ нималарга қодирлигини кўрсата олди. Про лигадан Суперлигага йўл ола билдик ва шу даврга қадар стабил ўйин кўрсатиб келмоқда. Умуман олганда, 4 та йирик мусобақада иштирок этдик. Мухлисларимиз ишончини оқлашга ҳаракат қилдик. Худога шукур, юзимиз ёруғ бўлди. Энг асосий вазифа — Олимпиада йўлланмасини қўлга киритдик. Қолган турнирларда ҳам муносиб иштирок эта олдик, деб ўйлайман», — деди у.

42 ёшли мутахассис қўллаб-қувватлагани учун ЎФА раҳбарияти ва мухлисларига, шунингдек, мураббийлар штаби, ходимлар ва президентга миннатдорчилик билдирди. «Футболимизни янги босқичга олиб чиқиш йўлида бор имкониятимизни ишга солдик. Энди бу тарих», — деди у.

Тайёргарлик ва легионерлар ҳақида

Тошкент вилояти Дукент шаҳридаги ўқув йиғини. Фото: ЎФА.Тошкент вилояти Дукент шаҳридаги ўқув йиғини. Фото: ЎФА.

Унинг сўзларига кўра, терма жамоа финалда Японияга имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллаган Осиё кубогидаги иштирокидан сўнг Олимпиадага тайёргарлик кўриш учун етарли вақт бўлмаган.

«Кўп легионерларимизда чемпионатлар тугаганди, кимдирлардадир чарчоқ сезилди, баъзилар жамоа алмаштирди. Балки олдимизда кўпроқ вақт бўлганда бошқача бўлармиди. Тайёргарликка келсак, айтганимдек, вақтимиз кўп эмасди. Таркиб шакллантиришда, ўзига яраша, қийинчиликлар бўлди. Дукентда ҳам легионерларсиз тайёргарлик кўришга тўғри келди», — дейди Кападзе.

«Ёши катта футболчиларимизнинг иқтидори, кучини ҳаммамиз яхши биламиз. Футболчилар бундан кўпроғига қодир эдилар. Уларга миннатдорчилик билдираман. Улар учун ҳам, биз учун ҳам фойдали бўлди. Бу жамоавий ўйин. Энг асосийси — биз барча учрашувда ғалаба қозонсак бўларди, қаердадир омад етишмади», — деди мураббий.

Испания ва Миср билан ўйинлар ҳақида

олимпиада 2024, париж 2024, тимур кападзе, футбол

Бош мураббий Испанияга қарши Олимпиададаги илк ўйин ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.

«Испаниянинг охирги ўйинларини таҳлил қилдик. Албатта, ўзига яраша камчиликларимиз ҳам бўлди. Ўйинга қўйган стратегиямиз яхши ишлади, айниқса, биринчи бўлимда иш берди. Лекин иккинчи бўлимда Испанияга имконият бердик. Уларга қарши тўғри прессинг қилиб, имкониятларга эга бўлдик», — деди у.

«Бу ўйиндан кейин жамоа билан уларнинг ва ўзимизнинг ўйинимизни таҳлил қилдик. Биз ўша куни рақибдан кучсиз эмасдик, энг камида дуранг қайд этишимиз мумкин эди. Умуман олганда, бундан кўпроғини кутгандик, бироқ бизга омад етишмади. Энг муҳими биз катта тажрибага эга бўлдик», — дейди Кападзе.

Мутахассис ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддиновнинг чарчоқлари туфайли Миср билан ўйинда уни алмаштиришга тўғри келганини айтди.

«Биринчи ўйинда ҳам кўп куч йўқотдик. Рақиб қарши ҳужумларда бизга муаммо туғдирди. Улар зич ҳимояланишди, лекин етарлича имкониятларимиз бўлди», — дейди у.

Календарь ҳақида

олимпиада 2024, париж 2024, тимур кападзе, футбол

Тимур Кападзенинг сўзларига кўра, биринчи ўйин кўп нарсага ойдинлик киритади.

«Илк учрашув кўп нарсага ойдинлик киритади. Биринчи ўйинда ютсангиз, кейинги ўйинларда босим бўлмайди. Бироқ тақвим бизга боғлиқ бўлмаган ҳолат эди. Рақибларимиз ҳам ўзига ярша кучли. Бу мусобақада кучсиз жамоа йўқ эди», — дейди бош мураббий.

Мураббий «ҳеч бир футболчига нисбатан эътирози йўқлигини» айтди.

«Айтганимдек, биз бундан кўпроғида қодир эдик. Ватан жамоасини севишда, қўллаб-қувватлашда чарчаманглар. Футболчиларимизни яхши кунида ҳам, қийин кунида ҳам ёнида бўлайлик. Улар ҳам бу масъулиятни ҳис қилишиб майдонда бошқача ҳаракат қилишади», — деди у.

Тимур Кападзе сўнгги уч ярим йил давомида олмай келган таътилга чиқиш режаларини эълон қилди.

«Шу вақт ичида олимпия терма жамоаси таркибида тўртта йирик мусобақада қатнашдик. «Олимпик» билан Суперлигада ҳам иштирок этганмиз. Умуман олганда, бўш вақтим деярли йўқ эди. Лекин мен бундан шикоят қилмайман. Биз асосий вазифани бажардик. Олимпия ўйинларида қатнашдик. Лойиҳадаги миссиям якунланди. Йил охиригача дам олмоқчиман. «Олимпик»ни ёрдамчи мураббийлар бошқаради», — деди у.

У «Олимпик» футбол клубининг келажаги қандай бўлишини билмаслигини тан олди. «Буни раҳбарият ҳал қилади. Менга келсак, таътилдан кейин нима қилишимни ўйлаб кўраман», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон «С» гуруҳида Испания (1:2), Миср (0:1)га мағлуб бўлди ва Доминикан Республикаси билан дуранг ўйнади (1:1) ҳамда турнирни сўнгги ўринда якунлади.