Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 25−30 фоизгача қисми «яшил» станциялар ҳиссасига тўғри келмоқда, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги.

Қайд этилишича, мамлакатда 2021 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар 10 та «яшил» электр станция — 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси (жами қуввати 2 минг 500 мегаваттдан ортиқ) ишга туширилди. Бундан ташқари, умумий қуввати 2 минг 200 мегаваттдан зиёд бўлган гидроэлектр станциялари ҳам мавжуд.

«Бундан 3 йил олдин Ўзбекистон электр энергетика тармоғида қазиб олинадиган ёқилғида ишловчи электр станциялар (ИЭС) улуши 90 фоиз атрофида бўлган бўлса (10 фоизи ГЭСлар), охирги йилларда ишга туширилган „яшил“ электр станциялар ҳисобига бу кўрсаткич 70 фоизгача тушди. Яъни, бугунги кунда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 25−30 фоизгача қисми „яшил“ станциялар ҳиссасига тўғри келмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

2024 йилнинг биринчи ярмида қуёш ҳамда шамол электр станциялари 1 млрд 600 млн кВт·соат, гидроэлектр станциялар 4,1 млрд кВт·соат (жами 5,7 млрд кВт·соат) электр энергияси ишлаб чиқарди. Бунинг натижасида 1 млрд 727 минг куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 2 млн 400 минг тоннага яқин зарарли газлар чиқишининг олди олинди.

Вазирлик таъкидлашича, мазкур 1 млрд 600 млн кВт·соат электр энергияси 1 млн 300 мингдан ортиқ хонадоннинг 6 ойлик ижтимоий нормасини ташкил қилади.

Ўзбекистондаги кўмир ёқилғисига ихтисослаштирилган иккита электр станциялари билан таққосланадиган бўлса, 2023 йилнинг апрель — июль ойларида кўмир станциялар орқали 2,06 млрд кВт·соат электр ишлаб чиқарилган. 2024 йилда «яшил» станциялар қуввати оширилгани ҳисобига кўмир станциялар орқали ишлаб чиқариш ҳажми камайтирилган. Яъни, 2024 йилнинг апрель — июль ойлари давомида кўмир станциялардан 1 млрд 660 млн кВт·соат (400 млн кВт·соат ёки 19,4 фоиз кам) электр энергия ишлаб чиқарилган.

2023 йилнинг апрель — июль ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ИЭСларда 5 млрд 60 млн куб метр табиий газ, 86,5 минг тонна мазут, 1 млн 608 минг тонна кўмир ёқилғиси ишлатилган бўлса, 2024 йилнинг апрель — июль ойларида 4 млрд 760 млн куб метр табиий газ (300 млн метр куб ёки 5,9 фоиз кам), 2,5 тонна мазут (84 минг тонна ёки 97,1 фоиз кам), 1 млн 162 минг тонна кўмир (446 минг тонна ёки 27,7 фоиз кам) ёқилган.

Вазирлик қайд этишича, замонавий энергия самарадор иссиқлик электр станциялари ишга туширилиши ҳисобига уларда ёқилғи сарфи камайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ортишига эришилган.

Мисол учун, 2020 йилда иссиқлик электр станцияларида 60,8 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, бунда шартли ёқилғи сарфи 333,8 гр/кВт·соатга тенг бўлган. Ишга туширилган замонавий энергия тежамкор иссиқлик электр станциялари ҳисобига 2023 йилга келиб ишлаб чиқариш ҳажми 69,6 млрд кВт·соатга етди (8,8 млрд кВт·соат ёки 14,5 фоиз кўп), шартли ёқилғи сарфи эса 307,1 гр/кВт·соатга (26,7 гр/кВт·соат ёки 8 фоиз кам) тенг бўлди.

«Умуман олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергиясининг 25−30 фоиз қисми қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келмоқда. 2030 йилга қадар „яшил“ электр станциялар ишга тушириб борилиши ҳисобига умумий ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 40 фоиздан ортиғи қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келиши режалаштирилган», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.