3 август куни Россиянинг Красноярск шаҳридан Тошкентга учаётган йўловчи самолёти дўлга дуч келди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар берди.

Красноярск-Тошкент йўналишидаги авиақатновни амалга ошираётган A320 самолёти Россия ва Қозоғистон чегарасида дўлга дуч келган. Хабарда айтилишича, бу 11 000 метр баландликда учаётган самолёт учун «аномал метеорологик ҳодиса» ҳисобланади.

Дўл оқибатида ҳаво кемаси олди ойналари шикастланган. Парвоз белгиланган процедуралар амалга оширилганидан сўнг давом этган.

Қайд этилишича, самолёт бортида 174 нафар йўловчи ва 6 экипаж аъзоси бўлган. Хабарда улар жароҳат олгани ҳақида маълумот йўқ.

Тошкентга жавдалга мувофиқ қўнилган. Текширувда самолётнинг метеолокатор бурун конусига зарар етгани аниқланган.

Ҳозирда шикастланган қисмни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Яқин кунларда ҳаво кемаси мунтазам равишда парвозларни амалга оширишни бошлайди, дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways`нинг таъкидлашича, дўл ёғиши парвозларни давом эттиришга таҳдид ёки жиддий муаммо туғдирмайди.