Япония бош вазири Фумио Кишида минтақанинг беш етакчиси билан учрашувда Марказий Осиёга иқтисодий ёрдам пакетини эълон қилмоқчи. Бу ҳақда ҳукумат вакилларига таяниб The Japan Times нашри хабар берди.

Ёрдам пакети Россия ҳудудини четлаб ўтиб, Каспий денгизи орқали Марказий Осиё ва Европани боғлаши кутилаётган янги савдо йўлини яратишга қаратилган.

Япония бош вазири Қозоғистоннинг Остона шаҳрида C5+1 саммити доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари билан учрашишни режалаштирмоқда. 9−12 август кунлари Кишида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга ташриф буюради.

Jiji Press хабарига кўра, саммит якунлари бўйича Япония ва Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари қўшма баёнотида қонун устуворлиги муҳимлигини таъкидлайди. Кишида, шунингдек, минтақага декарбонизация, логистика тармоқларини ривожлантириш ва инсон ресурсларини ривожлантиришда ёрдам беришни ваъда қилади.

Июль охирида АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Жеймс О’Брайен Вашингтон Россия ва Хитойни четлаб ўтиб, Арманистон ва Озарбайжон ҳудудлари орқали Марказий Осиёдан жаҳон бозорларига янги қуруқлик йўлаги яратиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, бу Американинг Марказий Осиё давлатларига жаҳон бозорларига чиқишда ўз йўлини танлаш имконини беришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.