Nikkei 225 биржа индекси (TSE Токио фонд биржасининг асосий кўрсаткичи бўлиб, у Япониянинг 225 та энг йирик компанияси акцияларини ўз ичига олади) 5 август кунги савдолар якунида 12,4 фоизга — 31 458,42 пунктгача тушиб кетди, деб ёзди РБК.

Минималда индекс 13,23 фоизга тушиб, 31 156,12 пунктни ташкил қилди.

Кун давомида Nikkei 225 индекси 4451,28 пунктга тушиб кетди, бу эса 1987 йил 20 октябрдаги «қора душанба» кўрсаткичидан ошди ва янги рекорд даражадаги қулаш бўлди. Ўшанда кун давомида индекс 3836,48 пунктни йўқотган, фоизларда қулаш 14,9 фоизни ташкил этганди.

япония, япония фонд бозори

Nikkei 2008 йил октябрь ойидаги глобал молиявий инқироз пайтида 11,4 фоизга, 2011 йил март ойидаги зилзила пайтида эса 10,6 фоизга тушганди.

Bloomberg маълумотларига кўра, иена курсининг долларга нисбатан кўтарилиши (шу сабабли япон экспортчиларининг даромадлари камайиши кутилмоқда), пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви ва АҚШда иқтисодий маълумотларнинг ёмонлашиши туфайли инвесторларнинг ишончи пасайиб кетган. 30−31 июль кунлари бўлиб ўтган икки кунлик йиғилиш якунлари бўйича Япония банки фоиз ставкаларини 0−0,1 фоиздан 0,25 фоизга кўтарди — бу 15 йилдаги максимал кўрсаткич. У, шунингдек, пул-кредит сиёсати бундан кейин ҳам қатъийлашиши эҳтимолига ишора қилди.

Иенадаги кэрри-трейд савдолари (carry trade; АҚШ Федерал резерв тизими ва Япония банки ўртасидаги фоиз ставкалари фарқидан фойда олишга қаратилган савдолар) япон валютасининг паст волатиллиги туфайли ривожланаётган бозорларда энг оммабопларидан бири бўлганди, шу сабабли инвесторлар ставкалар минимал даражада қолишини кутганди, деб ёзди Bloomberg.

Агар илгари маҳаллий фонд бозори иштирокчилари қадрсизланаётган иенани қарзга олиб, бу суммадан Америка долларларини сотиб олишни афзал кўрган бўлса, пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви ортидан иенанинг жаҳон захира валютасига нисбатан кескин кучайиши муносабати билан уларнинг стратегияси ўзгарди. Бу ҳолат спирал эффектга сабаб бўлди.

Япония индексларининг пасайиши Nikkei 225 ҳам, Topix ҳам 2024 йил бошида иенанинг заифлашуви ва технологик компаниялар акциларидаги глобал ўсиш шароитида тарихий максимумга (1989 йилдан бери биринчи марта) эришганидан кейин содир бўлди.

Инвесторлар учун душанба деярли барча Осиё фонд бозорларида пасайиш билан бошланди. Шанхай фонд биржаси индекси 1,54 фоизга, Жанубий Кореяники — 8,77 фоизга, Истанбулники — 6,7 фоизга тушди. MSCI Singapore индекси 2,9 фоизга, Гонконгнинг Hang Seng индекси эса 1,6 фоизга камайди. Кейинчалик қулаш Европага тарқалди, у ерда умумий Европа индекси STOXX 600 2,3 фоизга ва Лондоннинг FTSE 100 индекси эса 2,8 фоизга тушиб кетди.

АҚШда S&P 500 индекси 4,1 фоизга, Nasdaq технологик индекси эса 6,3 фоизга қулади.