Парижда ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларида 4 августга ўтар кечаси қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли америкалик Ҳарвей Жаҳмалга қарши чорак финал жангини ўтказиб, ярим финалга чиқди.

Жанг давомида унга Ўзбекистон делегациясидан борган мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилди. Мунарбекнинг шахсий мураббийи Беганас Султанбаев эса жангни экран орқали томоша қилди.

Спортчи таништирув вақтида рингга икки мураббийи билан чиқди. Ўзбекистонлик мураббий жангдаги танаффус давомида Мунарбекнинг юзига сув сепиб турган ва унга жанг усуллари ҳақида керакли маслаҳатлар берган.

Гап шундаки, тармоқларда келтирилган маълумотларга кўра, Мунарбекнинг шахсий мураббийи Беганас Султанбаев аккредитация муаммолари сабаб Парижга бора олмаган. Қирғизистоннинг KaktusMedia нашри мамлакатнинг Спорт департаменти раҳбари Айбек Абдимомуновнинг ҳолатга берган изоҳи ҳақида қуйидагиларни ёзмоқда.

«Ижтимоий тармоқларда Мунарбекнинг шахсий мураббийи Парижга бормаганлиги муҳокама қилинмоқда. Мунарбек шу йилнинг июнь ойида узоқ кутилган Олимпиада учун лицензия олди. Бироқ, мураббийларни аккредитациядан ўтказиш март ойида якунланди. Лицензия турнирларида бир неча боксчилар иштирок этишди ва уларнинг қайси бири лицензия олиши номаълум эди, шунинг учун аккредитациядан бош мураббий ўтди. Олимпиадага тайёргарлик қанчалик пухта кетаётганини ҳаммамиз биламиз. Шу муносабат билан фақат бош мураббийга рухсат берилди», — дейилади баёнотда.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулова ҳолат ҳақида Facebook`да пост ёзиб, шахсий мураббийнинг Олимпиадага бормаганини Миллий олимпия қўмитаси ва Қирғизистон маданият вазирлиги томонидан «шармандалик ва масъулиятсизлик» деб атаган. Қирғизистонликлар мамлакат МОҚдан мураббийни ярим финалда спортчини қўллаб-қувватлаш учун Парижга жўнатишни сўрамоқда.

Мураббий чорак финал жангини ўз уйида экран орқали томоша қилди ва шогирдининг ғалабасига эмоционал тарзда реакция билдирди.

Ўзбекистонлик мураббий Акмал Хасанов «Газета.uz» билан суҳбатда Мунарбек Сейитбек ўғлини яхши танишини, у Ўзбекистонга йиғинга тез-тез келиб, ўзбекистонлик спортчилар билан бирга машғулотлар олиб борганини айтди. Қолаверса, ўзбекистонлик мураббийлар бокс бўйича Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи Дониёр Тўлоғон уулу билан ҳам яхши муносабатда.

— Мунарбек Олимпиадага ёлғиз келгани учун биз билан машғулот ўтказди. У мендан ёрдам беришимни илтимос қилди. Қардош давлатларимиз дўстона муносабатларга эга, биз унга ёрдам беришдан хурсанд бўлдик. У тарихга кирди ва Қирғизистон тарихида бокс бўйича биринчи Олимпиада совриндори бўлди", — деди у.

Акмал Хасанов қирғизистонлик боксчига рақибларни анализ қилиш ва машғулотларда ёрдам бераётганини айтди.

Маълумот учун, ярим финалга чиққан Мунарбек Сейитбек ўғли кейинги жангини 9 августда болгариялик Ҳавиер Ибанез Диазга қарши ўтказади. Айни шу вазн тоифасида яна бир ярим финал жанги ўзбекистонлик Абдумалик Ҳалоков ва австралиялик Чарли Сениор ўртасида бўлиб ўтади. Агар иккала томонда ҳам Марказий Осиё вакиллари ғалаба қозонса, ўзбек ва қирғиз спортчилари финалда тўқнаш келиши мумкин.