Тошкент вилояти Бекобод туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан биргаликда ноқонуний қум-шағал аралашмаларини қазиб олинаётган шахслар аниқланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, туманнинг Ачамайли маҳалласи ҳудудидан оқиб отувчи Сирдарё дарёсининг чап қирғоғида юк ортгич машина ёрдамида қум, қум-шағал аралашмалари Howo ҳамда «Зил» юк машиналарига юклаб чиқиб кетилаётган бўлган.

Ҳолат оқибатида табиатга 87 млрд 651 млн 83 минг 344 сўмни ташкил этган. Ҳолат бўйича 3 та юк ташувчи автотранспорт воситаси вақтинчалик сақлаб туриш учун Бекобод шаҳар ҳудудида жойлашган жарима майдончасига жойлаштирилган.

Қонун бузилиш ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш учун керакли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинган.

Аввалроқ Бош прокуратура Чирчиқ дарёсининг қўриқлаш зонасида 10 дан ортиқ тадбиркор мораторийга қарамай, ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олишда давом этаётгани ҳақида хабар берганди. Қурилиш материаллари заводи ҳам ишламоқда. БП компанияларнинг лицензиялари ҳалигача бекор қилинмаганини афсус билан қайд этган.

2022 йил июль ойида Сенат дарё ва сойлардаги қум ва шағалларни қазиш оқибатида сув ресурсларининг камайиши масаласини кўриб чиққанди. «Дарёларнинг эгаси йўқдек, сувнинг эгаси йўқдек… Дарё ўзанларини тозалаш, дарё ўзанларидан фойдали қазилмалар қазиб олишга қатъий чеклов ўрнатиш вақти келди, деб ҳисоблайман», — деганди ўшанда сенатор Рисқул Сиддиқов.

2023 йил июнь ойида экология вазири Азиз Абдуҳакимов вазирлик қурилиш мақсадларида дарё ўзанларидан шағал ва қум қазишни тақиқлаш ниятида эканини маълум қилган эди. Бунинг учун қум-шағал материалларини қазиб олишнинг янги манбаларини очиш зарур, деган у.

2024 йил 1 май куни президент фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилганди.