Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Ушбу қонун лойиҳаси кўплаб муҳим масалаларни қамраб олгани билан, унинг айрим моддалари фуқаролар ва мутахассислар орасида норозилик келтириб чиқарди.

Қонун нима ҳақида?

Қонуннинг мақсади шаҳарсозлик реновацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қуйидагилар шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун асос ҳисобланади:

  • шаҳарсозлик реновацияси ҳудудидаги ер участкаларини қайта режалаштириш;
  • шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой объектлар яшаш, фойдаланиш, ишлатиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолига келиб қолгани;
  • ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги;
  • шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой объектлардан фойдаланиш ноқулай экани ҳамда улардан фойдаланиш самарасиз аҳволга келиб қолгани;
  • шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой объектларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмалари замонавий талабларга жавоб бермаслиги, энергия самарадорлик кўрсаткичлари паст экани;
  • шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида атроф-муҳитнинг меъморий қиёфаси экологик жиҳатдан зарарли бўлиб қолгани.

Қуйидагилар шаҳарсозлик реновациясининг асосий мақсади ҳисобланади:

  • реновация лойиҳаси асосида ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан самарали ҳолатга келтириш;
  • яшаш, фойдаланиш, ишлатиш учун яроқсиз деб топилган авария ҳолатидаги уй-жой фондини инсон яшаши ва фойдаланиши учун яроқли ҳолга келтириш;
  • ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларни бартараф этиш;
  • уй-жой фондидан фойдаланиш қулайлиги ва унумдорлигини ошириш ҳамда ундаги шароитларни яхшилаш;
  • замонавий мезонларга жавоб берадиган муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани яратиш, энергия самарадорлик кўрсаткичларини яхшилаш.

Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш реновация лойиҳасига асосан реновация ҳудудида ер участкаларини қайта режалаштирган ҳолда бино-иншоотларни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан самарали ҳолатга келтириш юзасидан амалга ошириладиган қуйидаги шакллардан иборат:

  • мавжуд объектни асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш;
  • мавжуд объектларни бузиш ва бўшаган ер участкасида бузилган объект тоифасидаги янги объектни қуриш;
  • мавжуд объектларни бузиш ва бўшаган ер участкасида бошқа тоифадаги янги объектни қуриш ёки яшил ҳудудларни ва бошқа ҳудудий зоналарни ташкил этиш.

Шаҳарсозлик реновацияси дастури доирасида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шаҳарсозлик реновацияси дастурини амалга ошириш шаклларининг бири ёки бир нечтаси қўлланиши мумкин.

Қонуннинг таҳлилий материалида айтилишича, бугунги кунда, турар ва нотурар жой объектларининг энерготежамкорлигини ошириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, шаҳарларнинг ташқи архитектуравий қиёфасини янгилаш, авария ҳолатидаги ва эскирган объектларни бузиш ва қайта қуриш жараёнлари ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини ҳуқуқий жиҳатдан тўғри тартибга солиш мақсадга мувофиқ.

«Айни пайтда республикада 42 минга яқин кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, уларнинг 30 795 таси (73 фоиз) 1991 йилгача қурилган, шундан 1 032 таси инструментал техник кўрикдан ўтказиш талаб этиладиган, 223 таси сейсмик заиф бино-иншоотлар эканлиги аниқланган. Шу боис, реновация асосида уй-жой фонди объектларини меъморий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан янгилаш (реновация қилиш) зарурияти юзага келмоқда», — дейилади унда.

Жамоатчилик норозилиги

Лойиҳа жамоатчилик ва мутахассислар томонидан танқид қилинмоқда. Бу танқидлар, асосан, қонун лойиҳасида мулкдорларнинг ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилмаслиги, ер участкаларини қайта режалаштириш жараёнида ерларнинг самарадорлигини таъминлаш ҳақида етарлича аниқ кўрсатмалар мавжуд эмаслиги ва реновация жараёнида эски аҳоли учун қурилган уйлар ва янги инвесторларга қурилган уйлар ўртасидаги сифат фарқлари аниқлик билан тартибга солинмагани сабаб юзага келмоқда.

Хусусан, Экология вазири маслаҳатчиси ва собиқ депутат Расул Кушербаев «борди-ю лойиҳа шу туришда ўтиб кетса, унда истаган одамнинг уй-жойи ёки бошқа кўчмас мулкини реновация баҳонасида бузиб ташлаб, олиб қўйиш мумкин бўлиши» ҳақида ёзди.

«Эътибор қилган бўлсангиз реновация қилишнинг чегараси деярли йўқ. Истаган одам, истаган ерини реновация қиламан деган ниқоб билан юқоридаги асосларга киритиб, олиб қўйиши мумкин. Қонун лойиҳасида бир гуруҳ лоббистларга ишора қилувчи белгилар кўриниб турибди. Афтидан хусусий мулк дахлсизлигига тупуриб қўядиган айрим бизнес гуруҳларнинг таъсири бўлса керак», — деб ёзди вазир маслаҳатчиси.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам қонун лойиҳаси ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Бир қарашда лойиҳада қатор муҳим мезонларга амал қилингандек. Масалан, реновация амалга ошириш учун мулкдорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш ва уларнинг камида учдан икки қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилигини олиш белгиланган. Лекин ҳудуддаги ҳар битта кўп қаватли уй учун энг кам розилик улуши аниқлаштирилмаган (ҳар бир кўп қаватли уйда камида 51 фоиз қоидаси киритилиши керак)», — деб ёзди иқтисодчи.

«Шунингдек, зичлаштириш нормаси ё яшил ҳудуд улуши ҳақида бирон талаб қўшилмаган. Нормал, одамхўр бўлмаган давлатларда реновацияда зичликнинг ошириш нисобига амал қилинади. Илгари 1000 киши яшаган мавзега 10000 одам яшайдиган „чумолихона“ қурилмайди. Реновация ҳудудида зичлаштириш ҳисобига қўшимча боғча, мактаб ва поликлиника қуриш мажбуриятлари қўшилмагани ўзи оғир бўлган ижтимоий муаммоларни фақат ошириши мумкин», — дейди Бакиров.

Иқтисодчи қонунда компенсация беришда, «бу хонадон кўринишда бўладими ё пул кўринишидами, бозор нархига нисбатан оширувчи коэффициентларнинг энг кам миқдори киритилмаган»ига ҳам эътибор қаратди.

«Лойиҳада реновация жараёнида рақобат принципларига амал қилиниши ҳақида бирон ишора йўқ. Бу агар, айтайлик, аукцион ё конкурс талаблари киритилмаса, реновация билан ҳокимият билан келишиб олган, олдиндан тайинланган шерик корчалонлар шуғулланади дегани. Билинг, реновацияга бойлар ё чиновниклар яшаётган ҳудудлар эмас, биринчи навбатда айнан кам таъминланган, ўз ҳудуди ва ҳуқуқини мустақил ҳимоя қилиши қийин бўлган ватандошлар яшайдиган, айни вақтда корчалонлар наздида бузиб, қайта қуриб, сотиб катта фойда қилиш учун кўз остига олинган мавзелар тушади», — дея ёзди Отабек Бакиров.

Москва халқаро архитектура академияси академиги, Халқаро архитекторлар уюшмаси профессори Бахтиёр Магдиев Kun.uz'га маълум қилишича, реновация аввало — таъмирлаш дастуридир. Реновацияга сабаб бўлувчи ягона омил бу — объектнинг авария ҳолатида экани. Бошқа сабаб билан мавжуд уй-жойни бузиш, реновацияга кирмайди. Халқ ва жамиятнинг энг катта бойлиги бу — мавжуд уй-жой фонди, дейди Магдиев.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 4 августда якунланди, бироқ ҳали парламентда кўриб чиқилмасдан туриб Тошкент шаҳри ҳокими қуйидаги 6 та туманда реновация лойиҳалари амалга ошириш ҳақида қарор имзолади:

Қарорга кўра, ушбу ҳудудларда маданий мерос объектлари рўйхати, бузиладиган ёки таъмирланадиган турар ва нотураржойлар хатловдан ўтказилади. Реновация лойиҳасини амалга ошириш учун инвесторларни тан олиш мақсадида эълон берилади.

Партиялар нима дейди?

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар Тошкент шаҳри ҳокими имзолаган қарорига ўз муносабатини билдириб ўтишди.

Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар ҳокимининг бир қатор туманларда амалга ошириладиган реновация лойиҳалари ҳақидаги қарори бўйича шошмашошарликка йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади.

Партия реновация дастурларини амалга ошириш авария ҳолатидаги қўп қаватли турар жойларни янгилашда муҳим ўрин тутишини эътироф этади. Айни пайтда бу дастурлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар жойлар дахлсизлигига рахна солмаслиги шарт, деб ҳисоблайди.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 149-сонли қарори билан белгиланган реновация қоидалари мазмун жиҳатидан кўп қаватли турар жойларда реновацияни амалга ошириш тартибини белгилаб беради. Бироқ, бу тартибни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли якка тартибдаги турар жойлар ҳамда кўп қаватли турар жойлардан алоҳида нотурар жойларга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, амалдаги қонунларимизда бу борада мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича аниқ механизмлар назарда тутилган. Бу, аввало, бузилиши белгиланган мол-мулк эгасининг розилигини олиш, мол-мулкнинг бозор қиймати ва етказилган зарар ўрнини олдиндан компенсация қилиш талаби билан боғлиқдир», — дейилади партия муносабатида.

«Қолаверса, якка тартибдаги турар ва нотурар жойлар ерлари хусусийлаштирилган бўлса, Ер кодекси ҳамда «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ улар тегишли ер участкалари билан бирга қайта сотиб олинган тақдирдагина реновация қилиниши мумкин. Шу боис, партия реновация лойиҳаларини амалга оширишда шошмашошарликка йўл қўймаслик ва бу борада тегишли қонун қабул қилингандан сўнг амалий ишлар қилиш мумкинлигини таъкидлайди», — дейилади ЎзЛиДеП муносабатида.

«Адолат» социал-демократик партияси эса ҳар қандай қурилиш аҳолининг розилиги асосида ўлиши шартлигини ва қонун қабул қилинмагунига қадар реновацияга оид ҳар қандай лойиҳаларни зудлик билан тўхтатиш кераклигини маълум қилди.

«Амалиётдан маълумки, бу каби реновация жараёнлари кўп ҳолларда аҳоли яшаб келаётган турар жой бинолари ва бошқа ижтимоий объектларни бузиш ва қайта қуришни талаб этади. Бу эса, фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқи бўлмиш уй-жойли бўлиш, мулкдор бўлиш ҳуқуқига тўғридан-тўғри дахл қилади», — дейилади партия муносабатида.

«Айнан шу сабабли, Конституциямизда шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши белгилаб қўйилган. Бинобарин, ҳокимлик ва тегишли мутасадди ташкилотлар бу борада ҳар қандай қарор чиқаришдан олдин аҳоли билан маслаҳатлашувлар ўтказиши лозим эди», — дейилади постда.

«Партиямиз уй-жой билан боғлиқ бундай лойиҳалар мустаҳкам қонуний асосга таяниши, уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқ ва манфаатлари реновациянинг ҳар бир босқичида қонун билан ишончли ҳимоя қилингандагина самарали амалга оширилиши мумкин, деган қатъий фикрда. Акс ҳолда фуқаро қурувчи-инвестор билан якка ташлаб қўйилган ҳолатда унинг ҳуқуқлари таъминланишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Биз узоқ бўлмаган тарихимиздаги „снос“ деган салбий ҳодиса мисолида бунга кўп бора гувоҳ бўлдик. Қолаверса, Тошкент шаҳрининг Бош режаси тасдиқланмай туриб ҳам бундай лойиҳаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас», — дейилади муносабатда.

«Айни пайтда, қонун лойиҳасини ва реновацияга оид лойиҳаларни тайёрлашда жамоатчилик билан ҳар томонлама муҳокама жараёнларини ташкил қилиш, айниқса, реновация таклиф этилаётган ҳудудлардаги аҳолига ҳуқуқларини батафсил тушунтириб бориш, шунингдек, реновация тадбирларини амалга оширишда турар жой эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини устувор билиш ҳамда тўлиқ муҳофаза қилиш шарт. Бинобарин, Ўзбекистон „Адолат“ социал-демократик партияси тегишли қонун қабул қилинмагунига қадар реновацияга оид ҳар қандай лойиҳаларни зудлик билан тўхтатиш керак, деб ҳисоблайди», — дея муносабат билдирган «Адолат» партияси.

Ўзбекистон Экологик партияси ҳар қандай объектларни бузиш ва қайтадан қуриш ишлари аввало қатъий экологик стандартлар асосида амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.

«Белгиланган реновация ҳудудларида кўп йиллик дарахт ва буталар мавжудлигини инобатга олиш шарт. Реновация ҳудуди сифатида шаҳар ҳокими қарорида кўрсатилган ҳудудларда кўп йиллик чинор ва бошқа ноёб дарахтлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги реновация лойиҳаларини бошлашдан олдин айрим масалаларга ечим топиши керак деб ҳисоблайди», — дейилади партия муносабатида.

Хусусан, партия қонунларга асосан ушбу шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан албатта ўтказилиши, ушбу ҳудуднинг экологик ҳолати хусусида аҳоли хабардор этилиши, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда белгиланган реновация ҳудудларидаги барча дарахт ва буталар сони, яшил ҳудудлар майдони қатъий ҳисобга олиниши, инвентаризациядан ўтказилиши керак деб ҳисоблайди.

Шунингдек, лойиҳа ҳудудларидаги мавжуд дарахтлар, яшил ҳудудлар сақлаб қолиниши, уларга ҳеч қандай зарар етказилмаслиги эътиборга олинган ҳолда ҳар бир лойиҳа экологик экспертизадан ўтказилиб, жамоатчиликка маълум қилиниши, 10 ёшдан катта дарахтларни сақлаб қолиш билан бирга, уларнинг бошқа жойга кўчирилиши, ҳудуд экологик қиёфаси ўзгаришига йўл қуймаслик зарурлигини таъкидлади.

«Биз ҳар бир лойиҳа, қурилиш ишлари аввало атроф-муҳитга зарар етказилмасдан амалга оширилишининг тарафдоримиз. Дарахтлар кесилиши ёхуд бошқа йўллар билан йўқ қилинганидан кейин, унинг компенсацияни талаб қилиш эмас, биз учун аввало ўша дарахтларнинг ўз ўрнида яшнаб туриши муҳим. Реновация давомида бир дона бўлса ҳам дарахтга зарар етказилмаслиги лозим. Бу масалани Бош прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қатъий назоратга олиши керак», — дейилади Экопартия муносабатида.