Шавкат Мирзиёев 5 август куни ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мамлакатда жами 184 минг 582 километр автомобиль йўли бор. Шундан қарийб 142 минг километри ички хўжалик йўллари.

Сўнгги тўрт йилда ички йўлларни қуриш ва таъмирлашга 15 триллион сўм ажратилгани сабаб маҳаллаларда, чекка қишлоқларда ҳам кўчалар равон бўлиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда, дейилади хабарда. Йиғилишда уларни сақлашга масъул тизим йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Чунки Автомобиль йўллари қўмитаси давлат ва халқаро аҳамиятдаги йўл ва кўприклар билан шуғулланади. Ички йўл ва кўприклар эса маҳаллий ҳокимликлар балансида, дея тушунтирди президент. Бунинг ортидан ҳозирги кунда 43 минг километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатда, 2 минг 354 та кўприкнинг «эгаси» аниқ эмас.

Шу боис туман даражасида бу масалаларга масъул тизим яратиш режалаштирилмоқда. Таклифга кўра, 208 та туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаларида ички йўлларни сақлаш хизматлари ташкил қилинади. Улар энг зарур 4 турдаги махсус техника билан таъминланади. Бунинг учун бюджетдан тегишли маблағ ажратиш кўзда тутилаяпти.

Таҳлилларга кўра, йўлларни сақлашга йўналтирилган маблағ таъмирлаш харажатини бир неча баробар қисқартиради. Агар ўз вақтида пул ажратилиб, ички йўллар тўғри эксплуатация қилинса, уларни таъмирлаш муддатлари ҳам камида 2 баробар узаяди, деб ҳисоблайди масъуллар.

Шу боис мутасаддиларга ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашни молиялаштириш бўйича янги механизмларни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, ички йўлларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишларини давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида ОТБ иштирокида Қорақалпоғистон ва вилоятларнинг 86 та туманида 841 километр йўллар цемент-бетон қоплама билан янгидан қурилади. Бу манзилларга 770 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 272 та маҳалла киради.

Апрель ойида Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов йўлларнинг бугунги аҳволи ҳақидаги саволга жавоб бераркан, бу масалани ҳал қилиш учун 500 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилганини таъкидлаб ўтганди.

«Ҳозирги йўлларни олдингидек фақат асфальт қилишимиз нотўғри. Сабаби машина сони беш йил олдин 400 мингта бўлган бўлса, ҳозир 800 мингта. Бугунги кунда асосий 36 та коридорга лойиҳалар тайёрланган, уларни молиялаштириш манбасини ишлаб чиқяпмиз. Бу давлат-хусусий шерикчилик ёки ҳар хил грантлар [асосида амалга оширилиши мумкин]. Чунки [лойиҳа талаб этаётган] сумма жуда катта», — деганди ўшанда пойтахт ҳокими.