5 август куни «Саидазиз медгородок» номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ва яна 28 кишига нисбатан ҳукм ўқилмоқда. Жараён Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида суд раиси Мурод Мирзажонов раислигида ўтмоқда.

Унда иштирок этаётган «Газета.uz» мухбирининг билдиришича, Саидазиз Саидалиевга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланди.

Саидалиев Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди:

  • 165 (Товламачилик);
  • 168 (Фирибгарлик);
  • 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш);
  • 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
  • 277 (Безорилик);
  • 28,211 (Пора беришда иштирок).

11 июнь куни юқоридаги жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича биринчи инстанция суди жараёни бошланганди. Ўшанда адвокатлар судланувчиларни пойтахт ИИББ вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан Зангиотадаги «Тоштурма»га ўтказиш бўйича илтимоснома киритган, судья сўров ўрганиб чиқилишини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрь ойида жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича ўтказилган рейдлар давомида Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» ва яна бир неча кишини товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олганди.

Ўшанда улар қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик билан шуғуллангани тахмин қилинган.

Аввалроқ суд «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевга нисбатан ҳам 20 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлагани ҳақида ёзгандик (шу ишга оид тўлиқ рўйхат эса бу ерда).