Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаси бўйича тендернинг биринчи босқичи эълон қилинди. У Ўзбекистон ҳукумати томонидан Uzbekistan Airports компанияси, Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа «Қуриш, фойдаланиш, топшириш» (Build-Operate-Transfer — BOT) модели бўйича амалга оширилиши режалаштирилган. Бундай лойиҳаларни амалга оширишда тажрибага эга бўлган манфаатдор компаниялар иштирок этишга таклиф этилади.

Бугунги кунда Урганч аэропортига 8 та авиакомпания мунтазам рейсларни, 40 га яқин авиакомпания чартер рейсларни амалга оширмоқда. 2023 йилда аэропорт 590 минг йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2024 йилда йўловчи ташиш ҳажми 17 фоизга ошиши кутилмоқда. Дастлабки прогнозларга кўра, ДХШ даврида йўловчилар ташиш ҳажми йилига ўртача 7,5 фоизга ўсади.

Модернизация лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 3500 м узунликдаги янги учиш-қўниш йўлагини қуриш;
  • асосий бурилиш йўлагини қуриш;
  • 2 босқичли бурилиш йўлакларини қуриш;
  • 2 та туташувчи бурилиш йўлакларини қуриш;
  • мавжуд апронни реконструкция қилиш;
  • янги маъмурий терминал қуриш;
  • янги юк терминалини қуриш;
  • махсус жиҳозлар биносини қуриш;
  • янги умумий овқатланиш мажмуасини қуриш;
  • майдони 39 минг м² бўлган халқаро рейслар учун соатига 1000 йўловчига (ҳам жўнаш, ҳам қўниш) ва ички рейслар учун соатига 300 йўловчига (ҳам жўнаш, ҳам келиш) хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги йўловчи терминалини қуриш.

Эслатиб ўтамиз, 20 июлдан 5 августгача аэропорт учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш учун ёпилганди. 5 август оқшомида у таъмирдан сўнг илк парвозини амалга оширади.

Президентнинг 2022 йил апрелдаги фармони билан 2023 йил охиригача Тошкент халқаро аэропорти ва самарадорлиги паст бўлган бошқа аэропортларни, шунингдек, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини модернизация қилиш ва ДХШ бошқарувига ўтказиш режалаштирилган.