Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 1 август куни иккита UAZ тўқнашди, деб хабар бермоқда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Йўл-транспорт ҳодисаси соат 15:00 ларда Хонжиза маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-107 автомобиль йўлида содир бўлган. UAZ ҳайдовчиси (2003 йилда туғилган) ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган бошқа бир UAZ машинасини (ҳайдовчи 1979 йилда туғилган) қувиб ўтмоқчи бўлган. Шу пайтда у бошқарувни йўқотиб, автомобилнинг ўнг томонига урилган. Оқибатда транспорт воситаси йўлдан чиқиб, ағдарилган.

ЙТҲда машина салонидаги 6 нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уй шароитида даволанишга рухсат берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича судга юборилмоқда, дейилади хабарда.