2024 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон давлат бюджети дефицити 36,4 триллион сўмни (эълон қилинган кундаги Марказий банк курси бўйича қарийб 2 миллиард АҚШ долларини) ташкил этди, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Газета.uz» ўрганган маълумотларида.

Аввалроқ биринчи чоракда дефицит 19,8 триллион сўмдан ошгани, иккинчисида эса 14,1 триллион сўмгача пасайиб кетганини хабар қилган эдик.

Июлда харажатлар ва даромадлар ўртасидаги фарқ 2,5 триллион сўм — йил бошидан бери минимал кўрсаткични ташкил этди (максимум февралда бўлганди — 7,2 триллион сўм).

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, у 2024 йил учун дефицит билан 10,3 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 0,7 фоизга, давлат мақсадли жамғармалари бюджети дефицити эса 30,56 триллион сўмга (ЯИМга нисбатан 2,3 фоиз) режалаштирилган эди.

Собиқ депутат Дониёр Ғаниевнинг аввалроқ тушунтириши бўйича, йил бошида бюджет харажатлари асосан газ субсидиялари ва қиш ойларида солиқ тушумларининг секинлашиши туфайли даромадлардан ошиб кетади.

«Йилнинг иккинчи ярми, ёзга келиб бизнинг асосий экинларимиз ўсишни бошлайди қишлоқ хўжалигида, фаолият майдан бошланади, шу билан буёғи ғалла, пахта бўлиб кетади. Бундан ташқари, бизнинг энг катта тушадиган даромадларимиз — дивиденд сифатида оламиз — Навоий кон-металлургиямиз бор, Олмалиқ кон-металлургия заводларимиз бор ва бошқа заводлардан олинадиган, адашмасам, умумий 40 триллион сўмга яқин дивидендларимизнинг ҳаммаси йилнинг иккинчи ярмида олинади… Яъни даромадларимиз йилнинг иккинчи ярмига келиб сезиларли ўсишни бошлайди. Шунинг ҳисобига ўзи доим биринчи яримйилликда дефицитлар юқори бўлиши аниқ», — деди у июнь ўрталарида биринчи чоракдаги бюджет дефицитини муҳокама қилар экан.

Худди шу вақтда, унинг сўзларига кўра, биринчи чоракда давлат бюджети дефицити 19,8 триллион сўмни ташкил этди ва бу прогноз кўрсаткичидан 30 триллион сўмга кам бўлди. Кўрсаткичнинг пасайиши ижтимоий соҳага сарфланган харажатларнинг камайиши билан боғлиқ. «Бу харажатлар камайиши ниманинг ҳисобига бўлди, деган саволлар бўлди. Энди буларнинг [ҳукумат] айтиши бўйича, бу мақбуллаштирилаётган харажатлар эмас, ҳали бу пуллар ишлатилгани йўқ, биз бу пулларга тегишни режалаштирмаяпмиз, дейишди», — деганди у.

Ўшанда Дониёр Ғаниев бюджетида 550 миллиард сўм бўлган, бироқ ҳалича хорижий олий ўқув юртларига стипендия олиш учун танлов эълон қилмаган «Эл-юрт умиди» фонди масаласини кўтарди. Таққослаш учун: ўтган йили фонд апрель ойида танлов эълон қилган ва талабалар виза олишга муваффақ бўлганди. Бироқ июнь ойи ўрталарида талабаларга хорижий университетлардан таклифномалар келиб тушган бўлса-да, ҳали танлов эълон қилинмаган эди.

Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов май ойи бошида бюджет тақчиллигининг инфляцияга бевосита таъсирини таъкидлаган, бироқ регуляторда бу кўрсаткични пасайтириш воситалари йўқлигини тан олганди.

«Бюджет тақчиллигининг мақбул даражадан юқори шаклланиши пул-кредит кўрсаткичларимизга, макроиқтисодий барқарорликка ва, энг муҳими, инфляцияга бевосита таъсир қилади… Бир нарсани тушуниш керак — инфляция даражасини сақлаб қолиш ва мақсадли кўрсаткичга тушириш — иқтисодий сектордаги барча учун асосий вазифа. Бунинг учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бу масалаларни ҳафтада камида бир марта муҳокама қиламиз», — деганди у.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фақат давлат бюджети маблағлари даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Шунингдек, давлат бюджетининг ўзи, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен жамғарма) маблағларини ўз ичига олган кенгайтирилган консолидациялашган бюджет ҳам мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги консолидациялашган бюджет тақчиллиги чегараси ЯИМга нисбатан 4 фоиз ёки қарийб 52,6 триллион сўм миқдорида тасдиқланган (даромадлар 375,03 триллион сўм, харажатлар 427,64 триллион сўм бўлиши кутилмоқда). Давлат бюджетининг даромадлари 270,4 триллион сўм, харажатлари — 280,7 триллион сўм, тақчиллиги — 10,3 триллион сўм миқдорида прогноз қилинмоқда.

2023 йилда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити рекорд даража — 59 трлн сўмни ташкил этиб, аввалги йиллардаги кўрсаткичлардан анча юқори бўлди. Ўтган йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасини ушлаб туролмагани сабабли парламент орқали лимитни оширганди.