2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда берилган истеъмол ва автомобиль кредитлари ҳажми 2 баробар камайди. Бу Марказий банкнинг «Газета.uz» ўрганган маълумотларида акс этади.

Ўзбекистонликлар камроқ кредит ола бошлади. Январь-июнь ойларида аҳоли томонидан 45,27 триллион сўм кредит маблағлари олинди, бу 2023 йилнинг биринчи ярмига (45,95 триллион) нисбатан 1,5 фоизга ёки 677,6 миллиард сўмга кам.

Ушбу ҳажмнинг 8,91 триллион сўми (умумий кредитлаш ҳажмининг 19,7 фоизи) автокредитлар ҳиссасига тўғри келади, бу ўтган йилнинг шу кўрсаткичидан (18,49 триллион) 51,8 фоизга (2 баробардан ортиқ) кам.

Таққослаш учун: 2020 йилнинг биринчи ярмида берилган автокредитлар ҳажми 2,3 триллион сўмни (жами кўрсаткичнинг 18,3 фоизи), 2021 йилда — 4,2 триллион сўмни (18,3 фоиз), 2022 йилда — 7,5 триллион сўмни (27,6 фоиз), 2023 йилда — 18,5 триллион сўмни (40,2 фоиз) ташкил этган, 2024 йил январь-июнь ойларида эса 8,9 триллион сўмга (19,7 фоиз) камайган.

Таълим кредитлари ҳам кам ажратила бошланди — 398,6 миллиард сўм, бу 2023 йилнинг январь-июнь ойларидаги кўрсаткичдан (636,6 миллиард сўм) 1,6 баробар кам.

Умуман олганда, истеъмол кредитлари ҳажми 2,1 бараварга — 19,57 триллион сўмдан 9,37 триллион сўмга камайди.

Ипотека кредитлаш бироз пасайди — 6,95 триллион сўмдан 6,88 триллион сўмгача. 2021 йилнинг шу даврида 3,5 триллион сўм, 2022 йилда 6,5 триллион сўм йўналтирилганди.

Истеъмол кредитларининг қисқариши фонида микроқарзлар ва микрокредитларга бўлган талаб қарийб 1,5 баробар — 18 триллион сўмдан 26,8 триллион сўмгача, кредитлашнинг умумий ҳажмидаги улуши эса 39,2 фоиздан 59,2 фоизгача ўсди.

Алоҳида олганда, микроқарзлар ажратилиши қарийб 13 триллион сўмдан 18,8 триллион сўмга, микрокредитларники эса 5,04 триллион сўмдан 7,78 триллион сўмга ошди.

2024 йил 1 январдан микроқарзларнинг максимал миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилганидан кейин микроқарз ҳажми ҳам ошди.

автокредит, ипотека, ипотека кредитлари, марказий банк, микрокредит, микроқарз

Автоспекуляция

2023 йилнинг биринчи ярмидаги молиявий барқарорлик таҳлилида МБ умумий кредитлаш ўсиш суръатларидан бир неча баравар юқори бўлган автокредитлаш ҳажмининг ўсишидан хавотир билдирганди.

МБ маълумотларига кўра, бу автокредитлашнинг концентрация даражасини оширади, банкларни шокларга нисбатан заифроқ қилади ва инқироз ёки автоуловларни кескин арзонлашиши даврида кредитлар бўйича тўлов интизомининг ёмонлашишига ҳамда сезиларли кредит йўқотишларига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, банклар автокредит ажратиш талабларининг енгиллаштириши натижасида юзага келган автокредитларнинг юқори ўсиш суръатлари автоулов бозорида талаб ҳажмини янада рағбатлантирди. Автоулов бозоридаги мавжуд юқори талаб шароитидаги чекланган ички таклиф ва автоулов импортидаги юқори божхона ставкалари нархларнинг ўсишига ва асосий жамғариш активларидан бири сифатида шаклланишига сабаб бўлиб келди. Шу билан бирга, автоуловларнинг инвестицион жозибадорлиги ошган ҳолда спекуляцион жараёнлар ортиб бормоқда, дейилади шарҳда.

Автомобиль кредитлари бўйича қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2023 йилнинг биринчи ярмида 56 фоиздан 69 фоизгача — 13 фоиз пунктга ошди, яъни қарз олувчилар ўз даромадларининг ўртача шундай фоизини кредит ва фоизларни тўлаш учун ажратди.

Таққослаш учун: бу даврда ипотека кредитлари бўйича қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 36,7 фоиздан 46 фоизга ўсган, микроқарзлар бўйича эса 12 фоиздан 10 фоизга камайган.

Шу муносабат билан, 2024 йил 1 июлдан бошлаб МБ барча кредитлар (шу жумладан, микроқарзлар) бўйича қарз юки даражасини 60 фоизлик кўрсаткичда белгилади, 2025 йилдан бошлаб эса уни 50 фоизгача камайтириш режалаштирилмоқда.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 2023 йил сентябрь ойида банк тизими учун хавф туғдириши сабабли «автокредитлаш юқори суръатда ўсаётгани»дан хавотир билдирганди.