Сиёсат

дайжест

Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини якунлаганини эълон қилди

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини муддатидан аввал якунлаганини эълон қилди. «Бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим», — деб ёзди у. Ғаниев ишини Вазирлар Маҳкамасида давом эттиради.


Иқтисодиёт

дайжест

Реновацияга тушган ҳудудлар аҳоли мурожаатлари асосида таклиф этилган — Тошкент ҳокимлиги

Тошкент ҳокимлигининг таъкидлашича, реновацияга тушган ҳудудлар маҳаллий аҳолининг мурожаатлари асосида таклиф этилган. Уй-жойларнинг таҳлили шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермаслигини тасдиқлади, дея қайд этди ҳокимлик. Лойиҳа ҳудудларни яхлит ривожлантиришни назарда тутади.


дайжест

Uzbekistan Airways’нинг фойдаси биринчи ярим йилликда 5,4 бараварга ошди

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 2024 йилнинг биринчи ярмидаги соф фойдаси 269 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга кўпдир.


дайжест

Термиз давлат педагогика институтининг 2 млрд сўмлик тендери натижалари бекор қилинди

Рақобат қўмитаси танлов таклифларини баҳолаш мезонларининг нисбий қиймати ишлаб чиқилмагани учун Термиз давлат педагогика институтининг 2 млрд сўмлик тендери бекор қилинганини маълум қилди. Институтга нисбатан иш қўзғатилди.


дайжест

Ўзбекистонда қалбаки маркировкали маҳсулотлар савдоси учун жиноий жавобгарлик жорий этиш режа қилинмоқда

Ўзбекистонда контрафакт ёки қалбаки маркировкаланган маҳсулотларни сотганлик учун жиноий жавобгарлик, шунингдек, маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима жазосини жорий этиш режа қилинмоқда. Белгиланган товарларнинг улгуржи савдоси нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.


дайжест

Урганч аэропорти УҚЙ реконструкциясидан сўнг биринчи рейсни қабул қилди (фото)

Урганч аэропорти учиш-қўниш йўлагининг капитал таъмиридан сўнг биринчи самолётни қабул қилди. Тошкентдан учиб келган Uzbekistan Airways лайнери ҳаво аркаси билан кутиб олинди, йўловчиларга Хоразм нонлари узатилди. Фото.


дайжест

Автокредит бериш икки баравар қисқарди, микроқарзга талаб кескин ошди

Ўзбекистонда биринчи яримйилликда автокредитлар бериш ҳажми икки баробардан кўпроққа — 18,5 трлн сўмдан 8,9 трлн сўмга, шунингдек, унинг кредитлаш умумий ҳажмидаги улуши 40,2% дан 19,7% га қисқарди. Бунинг фонида микроқарз ва микрокредит бериш 1,5 баробар ошди. Ипотека кредитлаш секинлаша бошлади.


дайжест

Ўзбекистон давлат бюджети дефицити 36,4 трлн сўмга етди

Жорий йилнинг етти ойида Ўзбекистон давлат бюджети дефицити 36,4 трлн сўмни (тахминан $2,88 млрд) ташкил этди. Июлда дефицитнинг ўсиш суръати пасайиб, 2,5 трлн сўмни кўрсатди. Собиқ депутат Дониёр Ғаниев июнь ўрталарида нега биринчи яримйилликда харажатлар даромаддан ошиб кетганини тушунтирганди.


Жамият

дайжест

«Саидазиз медгородок» суди якуни: кимга қандай ҳукм ўқилди? (тўлиқ рўйхат)

«Саидазиз медгородок» ва яна 28 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Саидазиз Саидалиев 20 йилга қамалди. Судланувчиларнинг баъзилари 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган бўлса, айримларига ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси берилди. Бир судланувчи жазодан озод этилди. Батафсил.


дайжест

Тошкентнинг учта туманида 6 мингга яқин хонадон бир кунга газдан узилади

Пойтахтнинг Бектемир, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги жами 5786 та хонадон ва 37 та улгуржи истеъмолчи 6 август куни табиий газ таъминотидан узилади.


дайжест

Сирдарёда тадбиркордан 4 минг доллар олган солиқ ходимига ҳукм ўқилди

Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг бош инспектори 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. У компанияларнинг солиқ қарзларини банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг доллар олаётганида ушланганди.


дайжест

Учта вилоятда ноқонуний ер сотмоқчи бўлганлар ушланди

ДХХ Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларини аниқлади. Учкўприк туманида 56 ёшли шахс ўзиники бўлмаган 12 сотих ерни 130 минг долларга сотмоқчи бўлганида ушланди. Қашқадарёда эса ҳокимлик ходими 25 гектар ерни 5 минг долларга пуллаётганда қўлга тушди.


дайжест

Сурхондарёда поезд уриб юборган Lacetti ҳайдовчиси ҳалок бўлди

Қумқўрғон туманида йўловчи поезди уриб юборган Lacetti ҳайдовчиси ҳалок бўлди. У светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган.


Маданият

дайжест

Орадан 5 йил ўтиб, яна «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўтказилади

Самарқандда 26−30 август кунлари «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Бу гал тадбирлар Регистон майдонида эмас, «Боқий шаҳар» мажмуасида ташкил этилади. Унда 70 га яқин мамлакатдан вакиллар қатнашиши кутилмоқда. Фестиваль охирги марта 2019 йилда ўтказилганди.


Спорт

дайжест

Париж-2024: Бугун спорт курашчилари гиламга чиқади, боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев ярим финалда жанг қилади

Париж Олимпиадасининг 11-кунида Арам Варданян ва Рустам Ассакалов Юнон-рум кураши бўйича, Актенге Кеунимжаева эса эркин кураш бўйича гиламга чиқади. 7 августга ўтар кечаси боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев америкалик рақибига қарши ярим финалда жанг қилади.


Жаҳон

дайжест

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Салим Абдувалиевни қидирувга берди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Салимбой» номи билан танилган ўзбекистонлик Салим Абдувалиевни қидирувга берди. У уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштиришда гумонланмоқда.


дайжест

Камала Ҳаррис демократлардан президентликка номзод бўлди

АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия делегатларининг 99 фоиз овозини олди ва президентлик сайловига унинг номзоди кўрсатилди. У 6 август куни вице-президент номини айтиши кутилмоқда.


дайжест

АҚШ суди Google’ни монополист деб топди

АҚШ суди Google монополияга қарши қонунларни бузган, деб қарор қилди. Компания смартфонларда стандарт қидирув тизими бўлиш учун шартномалар тузган. «Google — монополист», — деди судья ва IT гигантининг ҳаракатлари «монополиясини сақлаб қолиш»га қаратилганини таъкидлади.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!