Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Дониёр Авазович Ғаниев депутатлик фаолиятини муддатидан аввал якунланганини эълон қилди.

«Сайловчилар билдирган ишончни оқлаш, уларнинг дарду ташвишларини, муаммо ва хоҳишларини парламент минбарига олиб чиқиш, қабул қилинган қонунларни адолатли ва инсонпарвар бўлишига ҳисса қўшиш, мурожаат қилган фуқароларга ёрдам бера олиш имконияти мен учун депутатликнинг энг катта шарафи бўлди. Бундай имконият ва бахт менга насиб қилганидан ҳар доим фахрланаман», — деб ёзди у.

Унинг айтишича, депутатлик фаолиятига энг муносиб баҳони сайловчилар беради.

«Балки менга овоз берган сайловчиларнинг ишончини ҳар доим ҳам оқлай олмагандирман. Бироқ виждонимга қарши бормасликка, принципларимга содиқ қолишга қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Инсонлар оғирини енгил қилишга хизмат қилувчи ижобий нормаларни қўллаб-қувватлашдан, фуқаролар манфаати ва ҳуқуқларига зид деб билган қонунларга эса қарши туришдан иккиланмадим», — дея таъкидлади Ғаниев.

Лекин инсон атрофидаги ўзгаришлар, реаллик билан ҳисоблашиши ҳамда ўз имконият ва қобилиятларини тўғри баҳолай олиши керак. Гарчи депутат сифатида самарали фаолият олиб бордим, деб ўйласам-да, бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим.

Менимча, ҳаётимда ўзгаришлар қилиш, янги челенж ва имкониятларни қарши олишнинг айни вақти. Шу боис депутатлик мандатимни тугатишга, янги сайловларда номзодимни илгари сурмасликка қарор қилдим. Бундан кейинги фаолиятимни эса Вазирлар Маҳкамасида инвестиция йўналишида (депутатликдан аввал ҳам шу йўналишда ишлаган эдим) масъул ходим сифатида давом эттирадиган бўлдим. Ўзи хайрли қилсин, — деб ёзди у.

Дониёр Ғаниев унга ўз вакиллигини ишонган Марғилон округи сайловчиларига, фаолиятини эътироф этиб, қўллаб-қувватлаган жамоатчилик фаоллари, ОАВ вакиллари ва кўплаб блогер дўстларига билдирилган ишонч ва қўллов учун миннатдорлик билдирди.

«Шунингдек, парламент йиғилишларида ҳар доим ўз фикримни айтишга имконият яратган Қонунчилик палатаси спикерига, ялпи ва фракция йиғилишларида қўллаб-қувватлаган ҳамкасб депутатларга ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда керак бўлса депутатлардан ҳам кўпроқ меҳнат қиладиган палата девони ходимларига ҳам алоҳида раҳмат айтаман», — деб ўз постини якунлади собиқ депутат.

Қонунчилик палатаси ҳам Дониёр Ғаниев Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берди.

Фаолияти давомида бир қатор жиддий чиқишлари ва фаоллиги билан танилган Дониёр Ғаниев 1988 йилда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. Буюк Британиянинг Oxford Brookes университетини тамомлаган. Мутахасислиги бухгалтерия ва ҳисоб-китоб. У 110-Марғилон сайлов округидан сайланганди.

Бундан деярли 1 йил олдин Ғаниев «Газета.uz»нинг «Мифономика» подкастида меҳмон бўлганди ва «Кучсиз парламент билан ҳам яхши иқтисодиёт қурса бўлади» ва «Ўзбекистонликлар демократияга тайёр эмас» деган икки миф ҳақида суҳбатлашганди.

Ўзбекистонда навбатдаги Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 2024 йил 27 октябрда ўтказилади.