Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа органлар ходимлари ҳамкорликда Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларини аниқлади. Telegram`даги Xavfsizlik канали рейд жараёни акс этган видеони эълон қилди.

Унга кўра, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 56 ёшли шахс ўзганинг текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонасига қарашли, банк гаровида турган 12 сотих ер майдонини 130 минг долларга сотишга келишган. У олдиндан 109 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

джж, ноқонуний ер сотиш

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 33 ёшли фуқаро тумандаги ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг суғориладиган ер майдонидан 50 сотихини 80 минг долларга сотишга келишиб, кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Якунда у келишилган пулнинг 30 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

джж, ноқонуний ер сотиш

Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Қарши тумани ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари чорвачилик йўналишида фойдаланиш мақсадида фуқарога ҳокимлик захирасидаги 25 гектар ерни мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, 5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

джж, ноқонуний ер сотиш

Мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.