Колумбия округи федерал суди Google қидирув тизимлари ўртасидаги рақобатни «бўғиш» учун ўз бозор имкониятларини суиистеъмол қилган деган қарорга келди, деб ёзади The Washington Post.

«Google — монополист ва у ўз монополиясини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди», — дейилади судья Амит Меҳта қарорида.

Суд АҚШ Адлия вазирлигининг компания Apple ва бошқа смартфон ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузиб, уларни Google’ни стандарт қидирув тизими сифатида белгилашга кўндиргани, бу орқали монополияга қарши қонунларни бузгани ҳақидаги хулосаларига қўшилди. Судья, шунингдек, компаниянинг рақобатчиларга тенг шароитларда ишлашга имкон бермаган бошқа ҳаракатларини ҳам қоралади.

АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд судда Google устидан қозонилган ғалабани «тарихий» деб атади. «Ҳеч қандай компания, қанчалик катта ёки кучли бўлмасин, қонундан устун эмас», — деди у.

Компаниянинг глобал масалалар бўйича президенти Кент Уокернинг айтишича, Google суд қарори устидан шикоят қилишни режалаштирмоқда. «Суд ўз қарорида Google энг яхши қидирув тизимини таклиф қилишини тан олди, аммо биз уни осонлик билан барча учун очиқ қилиб бера олмаслигимиз керак, деган хулосага келди», — деди у. Унинг қўшимча қилишича, бу жараён давомида компания «одамларга фойдали ва фойдаланиш осон бўлган маҳсулотларни яратишга эътиборини қаратади».

Бу қарор Google’нинг келажакдаги бизнесига қандай таъсир қилиши номаълум, чунки дастлабки хулоса фақат компаниянинг жавобгарлигига тааллуқли, зарарни қоплашга эмас. Google’нинг тақдири суд жараёнининг кейинги босқичида аниқланади, бу эса баъзи бизнес амалиётларини тўхтатиш буйруғидан тортиб Google қидирув бизнесининг бўлинишигача бўлган ҳар қандай нарсага олиб келиши мумкин, деб ёзади The Verge.

Google нимада айбланди?

Адлия департаменти Google устидан уч йил аввал судга мурожаат қилган. АҚШ расмийлари, хусусан, компания чекловчи ва рақобатга қарши чоралар кўриш орқали онлайн қидирув ва қидирув реклама бозорида монополияни ноқонуний ушлаб туришини даъво қилмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Google бутун дунё бўйлаб қидирув сўровларининг қарийб 90 фоизини ташкил қилади. Бу эса, ўз навбатида, компаниянинг ҳар йили 160 миллиард доллардан кўпроқ даромад келтирадиган ва Alphabet даромадининг асосий қисмини ташкил этувчи реклама бизнесини фаоллаштиради.

Компания, АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Google қидирув тизими кўпчилик қурилмаларда стандарт сифатида ишлаши учун Apple ва Samsung каби мобил телефон ишлаб чиқарувчиларга йилига 10 миллиард доллардан кўпроқ пул тўлайди.

Бундан ташқари, Google’нинг Android қурилмалар ишлаб чиқарувчилари билан алоҳида келишувлари рақобатчи қидирув тизимларини олдиндан ўрнатиш ёки реклама қилишни тақиқлайди. Бунинг эвазига бу ишлаб чиқарувчилар Google’нинг қидирув тизимидан тушган реклама даромадининг бир қисмини олади.

Америка расмийларига кўра, Google’нинг ҳамкорлар билан тузилган эксклюзив келишувлари бошқа қидирув хизматларига бозорда самарали рақобатлашиш ёки ўз маҳсулотларини яхшилаш имконини бермайди. Шунингдек, Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Google қидирув натижалари саҳифаларида реклама нархларини ошириш учун ўзининг монопол мавқеидан фойдаланган.

Суд қарори технология соҳасидаги рақобатга қандай таъсир қилиши мумкин?

Google монополиясини тан олиш технологик компаниялар ўртасидаги рақобат учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ёзади The New York Times.

Ҳукуматнинг Apple, Amazon ва Meta компанияларига оид монополияга қарши даъволари ҳозирда судда кўриб чиқилмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Google’га қарши суд жараёнидаги қарор бу ишларга катта таъсир кўрсатиши мумкин.

Газетага интервью берган экспертларнинг таъкидлашича, қарор муҳим аҳамиятга эга, чунки у йирик технологик платформаларга компания ҳукмронлик қилиши мумкин, лекин бу ҳукмронликни суиистеъмол қила олмайди, деган тамойилни уқтиради.