АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис президентликка номзод сифатида кўрсатилишини таъминлаш учун демократ делегатлар томонидан керакли миқдордаги овозларни олди, деб ёзмоқда The New York Times.

У Американинг иккита йирик партиясидан бирининг президентликка номзодлигида ғалаба қозонган биринчи қора танли аёл ва жанубий осиёлик биринчи аёл бўлади, деб ёзади газета.

Ҳаррисни 4567 делегатнинг 99 фоизи қўллаб-қувватлади. Овоз бериш 1 августдан 5 августга қадар онлайн тарзда ўтказилди.

Одатда, партиялар ўзларининг президентликка номзодларини миллий қурултойда кўрсатади, аммо Демократик партия баъзи штатларда бюллетенларни топшириш муддатини таъминлаш учун виртуал овоз беришни ўтказишга қарор қилди. Ҳаррис овоз беришда қатнашиш учун квалификациядан ўтган ягона номзод эди.

Энди Ҳаррис ва тез орада эълон қилинадиган вице-президентликка номзод партиядан ўз номзодларини қабул қилишлари керак. Демократик партиянинг қурултойи 19 август куни Чикагода бошланади.

Reuters агентлигининг ёзишича, Ҳаррис вице-президентликка номзодни 6 август куни таништиради. Агентлик манбаларига кўра, номзодларнинг якуний рўйхатига Пенсильвания ва Миннесота губернаторлари Жош Шапиро ва Тим Уолз киритилган.

  • АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Ҳарриснинг рақиби республикачи номзод Дональд Трамп бўлади.
  • Мамлакатнинг амалдаги раҳбари Жо Байден сайловолди пойгасидан чиққанидан кейин Камала Ҳаррис Демократик партиядан АҚШ президентлиги учун кўрсатиладиган потенциал номзодга айланган.