Бош вазири Абдулла Арипов 3 август куни Вазирлар Маҳкамасининг мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисидаги қарорини имзолади.

Солиқ қўмитаси 2024 йил 1 сентябрга қадар алкоголь, тамаки ва пиво маҳсулотлари, маиший техника ва дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг Asl belgisi миллий ахборот тизимидан рўйхатдан ўтгани ҳамда рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилаётганини назоратга олади.

Ушбу маҳсулотларнинг чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлар ўз фаолиятини тўхтатмоқчи бўлганда, туман (шаҳар) солиқ инспекциясини бир ой олдин хабардор қилиши керак. Бунда солиқ инспектори уч иш кунида йиғимларнинг тўлиқ тўлангани ҳамда омбордаги маҳсулот қолдиқларини хатловдан ўтказади.

Солиқ қўмитасига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар қалбаки рақамли маркировкаланган ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда улгуржи ва чакана реализация қилувчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Мазкур маҳсулотлар ҳам мусодара қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, Солиқ қўмитасида 7 та штат бирлигидан иборат алоҳида тузилма ташкил этилади. У рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши, яширин ишлаб чиқариш фаолияти ва қалбаки товарлар тарқалишига қарши курашиш орқали солиқ тушумларини тўлиқ таъминлаши зарур.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 ноябрга қадар рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз шаклда сотиш талабини белгилайдиган ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди.

Қарор билан мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Хусусан, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассага уланган штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмаларнинг нархлари сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиши керак бўлади.

Шу билан бирга, маркетплейслар учун маркировка қоидалари бузилганда жавобгарлик чораларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Мақсад биржалар ва электрон савдо майдончаларида сотувчилар учун Асл Белгиси тизимида рўйхатдан ўтишни мажбурий қилишдан иборат. Январь ойидан бошлаб мазкур тизимда сотувчи иштирокини текширишни жорий этиш режалаштирилган.

Шунингдек, маркировкаланадиган маҳсулотларни сотиш вақтида сканердан ўтказилгандан кейингина харид чекини чоп этиш тизимини жорий қилиш режа қилинган.

Тадбиркорликларнинг барқарорлик рейтинги бўйича баҳолашда маркировкалаш талабларининг бажарилишини инобатга олиш таклиф этилмоқда.

Импорт қилинаётган ва маркировкаланадиган маҳсулотларни божхонада маркировкаланган ҳолда эркин муомалага чиқаришга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Божхона декларациясида товарлар ва хизматларнинг идентификация кодини (МХИК) кўрсатиш ҳам таклиф этилмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасига 1 декабрга қадар «Савдо тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.