Шавкат Мирзиёев 6 август куни темирйўл соҳасида олиб борилаётган ишлар ва келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Ўтган йили 10 октябрда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид президент қарори қабул қилинган эди. Бу жараёнга кўмаклашиш мақсадида халқаро консальтинг компанияси ҳам жалб этилган.

Қайд этилишича, бунинг ортидан жамият таркибида инфратузилма, вагон хизмати, йўловчиларни ташиш кабилар билан шуғулланувчи 6 та мустақил корхона иш бошлаган. Самарасиз ва бир-бирини такрорловчи вазифалар бирлаштирилиб, ортиқчалари қисқартирилган.

Президент шу вақт оралиғида поездлар таркибига 1 минг 40 та янги юк ва 45 та йўловчи вагони қўшилганини таъкидлади. Унинг айтишича, ички йўналишда юк ташиш муддати 2 карра қисқарган. Бундан ташқари, «Келес» станциясида қўшимча 2 та электрлашган йўлни қуриш орқали Тошкент атрофида поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошган.

Илгари йиллар давомида зарарга ишлаб келган «Ўзбекистон темир йўллари» бу ислоҳотлар натижасида фойда кўришга ўтди, деди президент.

Тақдимотга кўра, кейинги вақтларда йўловчи вагонларининг аҳволи, совитиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлмоқда. 143 та вагон таъмирталаб, 59 та локомотив хизмат муддатини ўтаб бўлган.

Шунинг учун янги йўловчи вагонлар ишлаб чиқаришга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 50 миллион доллар ажратилмоқда. 38 та локомотив олиб келиш ва 12 та электровозни модернизация қилиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан 181 миллион долларлик келишувга эришилган.

Мутасаддилар ушбу маблағлар ҳисобидан поездлар паркини янгилаш режалари бўйича ахборот берди.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда Тошкентдан Нукусга тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилишини айтган эди. Бунинг учун Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан 6 та замонавий электропоезд олиб келиниши белгиланган.

Ҳозирги кунда узунлиги 465 километр бўлган Бухоро-Урганч-Хива темирйўли электрлаштирилмоқда ва буни йил охиригача якунлаш мўлжалланган. «Келгуси йилларда 196 километрлик Мискин-Нукус тармоғи электрлаштирилади. Натижада йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради», — дейилади хабарда.

Тақдимотда, шунингдек, акциядорлик жамиятига қарашли носоҳавий активларни хусусийлаштириш, соҳада хизматлар сифати ва экспортини ошириш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.