Тошкент ҳокимлиги турар жой массивларини реновация қилиш бўйича режалаштирилган масала юзасидан баёнот берди. Бир кун аввал шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов қарори билан ҳокимлик ҳузуридаги «Тошкент инвест» компаниясининг комплекс ривожлантириш ва ободонлаштириш лойиҳалари амалга ошириладиган ҳудудлар чегараларини белгилаш бўйича таклифлари маъқуллангани хабар қилинганди. Партиялар реновацияга шошилмаслик ва фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга чақирганди.

Шаҳар ҳокимияти баёнотида қайд этилишича, қарор «аҳолининг мурожаатлари, биноларнинг ҳолати ҳамда бошқа объектив сабабларни инобатга олган ҳолда, шаҳар маъмурияти томонидан фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқларини таъминлайдиган, ШНҚ (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари — таҳр.) меъёрлари ва аҳолининг манфаатларини акс эттирувчи замонавий механизмни жорий этиш» тўғрисида қабул қилинган.

«Реновация лойиҳасининг мақсади уй-жой фондини янгилаш, авария ҳолатидаги уй-жойларнинг оммавий пайдо бўлишининг олдини олиш, ҳудудларни алоҳида кўп қаватли уйлар кесимида эмас, балки яхлит ривожлантириш орқали фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилашдан иборат» — дейилади хабарда.

«Лойиҳани амалга оширишда «биноларнинг авариявийлик даражаси ва хавфсизлик талабларига мувофиқлиги, иқтисодий ва энергетик самарадорлиги, эскирган кўриниши ва ҳудуднинг умумий меъморий ривожланишига мос келмаслиги ҳисобга олинади».

Ўзбекистон Конституциясида нафақат ҳар бир шахснинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи, балки хавфсиз яшаш ҳуқуқи ҳам ўз аксини топган бўлиб, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун шароитлар яратади, дея таъкидланади ҳокимлик хабарида.

«Ўзбекистон шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари замонавий талабларга жавоб берадиган меҳнат, яшаш ва дам олиш жойларининг қулайлигини таъминлашга доир талабларни белгилайди. Реновация ишлари фақат ваколатли ташкилотлар томонидан авария ҳолати тасдиқланган объектларда ва фақат аҳолининг розилиги билан амалга оширилади. Муҳими: маданий ёки меъморий мерос объектларида реновация амалга оширилмайди», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик Тошкентда қурилган уйларнинг фойдаланиш муддати 50 йилга мўлжалланганини таъкидлаб, «аксарият ҳолларда капитал таъмирлаш имконияти йўқлиги, фойдаланиш муддати тугаётганини» билдирди.

«Барчамиз тушунамизки, реновация дастурини талаб қиладиган уйларнинг аксарияти ўз умрини яшаб бўлган ёки яқин йилларда шаҳарсозлик меъёрлари бўйича яшашга яроқсиз бўлиб қолади», — дейилади баёнотда.

«Биноларнинг техник ҳолати билан боғлиқ хавф, айниқса, мамлакат ва умуман минтақанинг сейсмиклигига таъсир қилувчи барқарор иқлим ўзгариши туфайли жиддий ташвиш уйғотади. Вазиятни холисона баҳоласак, ушбу уйларни ҳозирги ҳолатида фойдаланишда қолдириш муқаррар равишда пойтахтда авариявий уй-жойларининг оммавий пайдо бўлишига олиб келади», — дея қўшимча қилди ҳокимлик.

Реновацияга тушган ҳудудлар маҳаллий аҳоли мурожаатлари асосида таклиф этилган ва режа тузилган. Шунингдек, мурожаатларда келтирилган уй-жойларнинг дастлабки таҳлили уларнинг юқоридаги шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермаслигини тасдиқлади, дея хулоса қилди ҳокимлик.

Лойиҳани амалга ошириш механизми «жуда соддалаштирилган», дея билдирди ҳокимлик ва уни кейинги хабарларда батафсил тушунтиришга ишонтирди.

Вазият ва масалага қизиқаётганларга «Тошкент инвест» компанияси веб-сайти (tashkentinvest.com) ва 71 210−01−63 телефон рақами орқали боғланиш тавсия этилди.