Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўзбекистонлик Салим Абдувалиевни қидирувга берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизматига таяниб 24.kg хабар берди.

Қайд этилишича, Салим Абдувалиев томонидан «Братский круг» халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек (Қамчи Кўлбоев) уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланган.

«Салим Абдувалиев Қамчи Кўлбоев билан алоқа ўрнатган ва тизимли равишда моддий ёрдам кўрсатиб келган, унинг Қирғизистон, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидаги бошқа нуфузли криминал авторитетлар қаторида жиноий оламининг етакчисига айланишига ёрдам берган ва ҳисса қўшган», — дейилади хабарда.

Салим Абдувалиев ва Қамчи Кўлбоев (чапда ёнма-ён). Фото: 24.kgСалим Абдувалиев ва Қамчи Кўлбоев (чапда ёнма-ён). Фото: 24.kg

«Шу билан бирга, Қамчибек Асанбек ва Салим Абдувалиев яқин муносабатларда бўлган, бунга Колбоевнинг ўзбек криминали томонидан уюштирилган байрам ва бошқа тадбирларга бир неча бор ташриф буюриши гувоҳлик беради», — дея қўшимча қилинган хабарда.

Тўпланган материаллар асосида Бишкек шаҳар Октябрь тумани суди қарори билан Салим Абдувалиевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги сиртдан эҳтиёт чораси танланиб, давлатлараро қидирувга берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Салим Абдувалиев 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.