Самарқанд шаҳрида 26−30 август кунлари ЮНEСКО шафелигида «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

1997 йилдан буён Самарқандда ўтказиб келинаётган фестиваль охирги марта 2019 йилда бўлиб ўтганди. Вазирликнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, фестиваль COVID-19 пандемияси сабабли тўхтаб қолган.

Таъкидланишича, жорий йил фестивалда дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 300 нафардан зиёд вакил қатнашиши кутилмоқда. ЎзАнинг хабар беришича, бу йилги фестиваль Регистон майдонида эмас, балки «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасида ўтказилади.

«Фестиваль ўтказилишидан асосий мақсад — миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни кенг оммага татбиқ қилиш, миллатларнинг маданият ва анъаналарини асраш ҳамда ривожлантириш, созандалик ва хонандалик йўналишидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, дўстлик ва ўзаро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишдан иборат. Бугунга келиб „Шарқ тароналари“ нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсидаги машҳур фестиваллар қаторидан ҳам жой олиб улгурди. Иштирокчилар ва фестивалда қатнашиш истагини билдираётган давлатлар сонининг йилдан йилга ошиши ҳамда дастур савиясининг юқорилаб бораётгани бунга яққол мисолдир», — дейилади вазирлик ахборотида.

Тадбир дастурига асосан, фестивалнинг очилиш маросими 26 август куни бўлиб ўтади. 27−28 август кунлари «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. 27−29 август кунлари соат 19:00 да фестивалга ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари баҳоланади. 30 августда ёпилиш маросими бўлади ва ғолиблар тақдирланади.

Танлов низомига кўра, ғолиблар иккита йўналиш бўйича аниқланади, улар ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • «Гран-при» — 10 000 доллар (халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ, муносиб номзод топилмаганда «Гран-при» берилмайди);
  • I ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2×5000 — 10 000 доллар;
  • II ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2×3500 — 7000 доллар;
  • III ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 3×2000 — 6000 доллар.

Шунингдек, ташкилотчи, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил ҳайъат аъзолари ҳамда мухлислар эътирофига сазовор бўлган қатнашчилар «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинациялар бўйича махсус диплом ҳамда 500 доллар миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.