Апрель ойида Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг бўлим бош инспектори 4 минг доллар олган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилганди. Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, унга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Қайд этилишича, бошқарманинг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Гулистон шаҳридаги 3 та МЧЖга тегишли солиқ қарзларини уларни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб беришини айтган.

Бунинг учун 5 минг доллар сўраган, лекин пулдан 4 минг долларини олаётган пайтда ушланган.

Ҳолат юзасидан суд иши жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳри судида кўриб чиқилган. Ҳукмга кўра, ходим Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик), 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) орқали айбдор деб топилди.

Унга нисбатан солиқ идораларида ҳар қандай лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.