Термиз давлат педагогика институтининг 2 млрд сўмлик тендер савдоси натижалари бекор қилинди, дея хабар қилди Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, Рақобат қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасига Термиз давлат педагогика институти томонидан 2024 йил 11 июлда бошланғич қиймати 2 млрд сўмлик ўтказилган тендер савдоси юзасидан мурожаат келиб тушган.

Қўмита томонидан мурожаатга асосан олиб борилган ўрганишда, буюртмачи (Термиз давлат педагогика институти) томонидан институтининг янги қурилаётган ўқув биносига мебеллар харид қилиш учун бошланғич қиймати 2 млрд 2 млн 382 минг 125 сўмлик танлов савдоси ўтказилган.

Тендер савдосида буюртмачи ташкилот (харид комиссияси) томонидан иштирокчилар («STEKLOPLASTIK» МЧЖ, «GLOBAL TEX PROM SERVIS» МЧЖ," MUHAMMADALI SAVDO SANOAT SERVIS" МЧЖ, «FAROVON-FAYZ» ХК, «NEATEST» МЧЖ ва «OMAD XAMROX MEZON» МЧЖ) тақдим этган танлов таклифларини баҳолаш мезонларини нисбий қиймати ишлаб чиқилмагани маълум бўлган.

Ишни кўриб чиқиш натижасида «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 29-моддаси (Савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар) талаблари бузилиши аломатлари юзасидан буюртмачига (Термиз давлат педагогика институти) нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якуни бўйича Қўмита кўрсатмаси билан тендер савдоси натижалари бекор қилинди.