Биринчи ярим йиллик якунида Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси ўз фойдасини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга оширди. Бу ҳақда компания «Газета.uz»га маълум қилди.

Компания активлари 18,6 триллион сўмга ўсди, бу 2023 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 1 фоизга кўпдир.

Ташувчининг даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,9 фоизга ошиб, 7,6 трлн сўмни, ўз капитали эса 8 трлн сўмни (+5,8 фоиз) ташкил этди. Сўмдаги тушумлар 7,3 трлн сўмдан 8,1 трлн сўмга ошган, бироқ долларда 664,7 миллиондан 645,9 миллионга камайган.

Мунтазам юк ташувларидан олинган даромад 6,2 трлн сўмдан 7,04 трлн сўмга, мунтазам бўлмаган ташувлардан олинган даромад 503,4 млрд сўмдан 531,4 млрд сўмга кўтарилди. Бу кўрсаткичлар доллар ҳисобида қисқарди.

Хорижий ва маҳаллий ҳаво кемаларига ёнилғи қуйиш бўйича тушумлар кескин — 519,8 млн сўмдан 27,7 млрд сўмгача ўсди, бироқ бу 2022 йилнинг биринчи ярми (53,8 млрд) ва 2020 йилдагидан (96,3 млрд) кам. Бошқа даромадлар қарийб икки бараварга — 89,3 млрд сўмдан 172,3 млрд сўмга ошган.

Компаниянинг январь-июнь ойларидаги соф фойдаси 269 млрд сўмни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига (49,7 млрд сўм) нисбатан 440,8 фоизга кўпдир.

uzbekistan airways

Даромаднинг рекорд даражада ўсишига молиявий фаолиятга сарфланган харажатларнинг қисқариши асосий омил бўлди — бу кўрсаткич 1,2 трлн сўмдан 552,4 млрд сўмгача қисқарган, деб ёзади KAP DEPO инвестиция компанияси.

Сўмдаги харажатлар 7,3 трлн сўмдан 7,8 трлн сўмга ошган, долларда эса 659,3 млн доллардан 620,6 млн долларга камайган.

Салбий курс фарқлари бўйича харажатлар 748,9 млрд сўмдан 391,5 млрд сўмга, ижобий курс фарқлари бўйича даромадлар эса 512,3 млрд сўмдан 268,9 млрд сўмга камайди.

Корхонанинг тақсимланмаган фойдаси чорак якунига кўра 118,2 млрд сўмни ташкил этди (ўсиш 2,3 баробар). 2023 йилнинг мос даврида қопланмаган зарар 149,9 млрд сўм бўлди.

Йиллик ҳисобда узоқ муддатли банк кредитлари 8 трлн сўмдан 7,1 трлн сўмга қисқарди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдаги пандемия йилида авиакомпания минус 755,7 млрд сўм кўрсаткич билан рентабеллик бўйича давлат компаниялари орасида иккинчи ўринни эгаллаганди.

Ўтган йили Uzbekistan Airways 5 миллиондан ортиқ йўловчи ташиган.