Иқтисодчи, Нью Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz»га берган интервьюсида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш Ўзбекистонга нима бериши ҳақидаги саволга жавоб берди.

Журналист унга қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

«ЖСТга кириш бизга ўзимизни ўзимиздан ҳимоя қилиш учун керак, деган фикр билдиргансиз. Нима учун бундай?»

«Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган мамлакатлар қандайдир қоидаларга ваъда берган мамлакатлар, десак бўлади. Ўша ваъдалардан бири ўз корхоналарига чет эл корхоналарига нисбатан имтиёзлар бермаслик саналади. Чет эл корхоналари учун ҳам, маҳаллий корхоналар учун ҳам бир хил ўйин қоидалари амал қилиши керак. Бу ташкилотнинг фалсафасига кўра, истаса — божни ошириб, истаса — қандайдир талаблар қўйиш адолатсиз», — дея таъкидлади Беҳзод Ҳошимов.

Унинг айтишича, бу фалсафа ҳам бир кунда пайдо бўлмаган. XX асрда қўл қўйилган Тарифлар ва савдо бўйича умумий келишувда (GATT) давлатлар «биз-биримизнинг маҳсулотларимизга нисбатан қандайдир божлар, талаблар қўйиб борсак, бу ҳаммамизга зарар келтиради, барчамиз бир-биримизнинг корхоналаримизга нисбатан бир хил шароит қилсак, ўшанда бойиймиз», деган фикрга келган. Бу келишувгача бўлган тарих ҳам бор, лекин маъно айнан шунда бўлган, дейди иқтисодчи.

Кейинчалик кўпгина бошқа мамлакатлар, янги мустақил бўлган давлатлар «ўша келишувга биз ҳам кирсак бўладими?» дея сўраган. Улар эса «сизлар ҳам биз қўйган талабларга рози бўлсангиз, албатта, кирсангиз бўлади», деб жавоб қайтарган. Глобализация кучайган вақт — 90-йиллардан бери жуда кўп мамлакатлар, дунёнинг деярли барча давлатлари бу ташкилотга аъзо бўлиб улгурган.

«Шу жумладан, бир-бирини унча ёқтирмайдиган мамлакатлар ҳам у ерда: Россия ҳам, Хитой ҳам, АҚШ ҳам у ерда. Ташкилотнинг функцияларидан бири мамлакатлар орасидаги низоларни қошидаги маҳкама орқали ҳал қилиш саналади. Масалан, нисбатан кичик мамлакатлар, шу жумладан, Филиппин ўзидаги корхоналарга нисбатан АҚШ адолатсиз ҳаракатлар қилаётганини айтиб, бир неча бор бу мамлакатни судга олиб борган», — дейди иқтисодчи.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда савдо сиёсати ўта ноаниқ саналади.

«Энди Ўзбекистонга қайтсак, нима учун бу ташкилот бизни ўзимиздан ҳимоя қилади? Бизда савдо сиёсати жуда ҳам ноаниқ. Бир кун бу нарсага, иккинчи куни бошқа нарсага бож қўйилади, кейинги куни бундай талаблар қўйилади, башорат қилиш қийин, ўзгарувчан десак ҳам бўлади. Конъюнктура ёки бошқа нарсага қараб ўзгаради», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

Унга кўра, иккинчи омил дунёнинг барча қисмида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳокимиятларга босим ўтказа олгани ва ҳозир ҳам шундай қила олиши ҳисобланади. Улар «бизни муҳофаза қилишингиз керак, ҳимоя қилмасангиз, ишчиларимиз кўчада қолади» каби қўрқувлар ишлатади. Шу қўрқув ва босимлардан ҳалос бўлиш учун, жумладан, АҚШ шу ташкилотни яратган.

«Ўша қўрқитувчи корхоналар Конгрессга келиб, уларни қўрқитса ҳам, улар „биз божларни ошириб берган бўлардик, лекин барибир ўша ташкилот божларимизни ноллаштириб юборади“, — дейди. Лекин аслида бу нарса АҚШ фуқароларининг фаровонлигини муҳофаза қилмоқда. Ўзбекистонда ҳам, айниқса, биздек давлат энг катта ишлаб чиқарувчи бўлган жойда ЖСТ ишлаб чиқарувчилар томонидан босимга қарши ҳимоя қобиғи каби ишлайди. Масалан, қайсидир катта ишлаб чиқарувчи келиб, „мана менда шунча ишчи бор, мана бундай қарор қабул қилмасак бўлмайди“, — дейди. Ҳукумат эса бу нарса зарар эканини билади, лекин, масалан, айниқса, демократик мамлакатларда улар лоббилар орқали таъсир ўтказишади», — дейди иқтисодчи.

Масалан, АҚШда пўлат ишлаб чиқарувчилар Пенсильвания штатида жойлашган. Шунинг учун Пенсильвания штатидан бўлган биронта сенатор пўлатга бўлган божларни ноллаштириш таклифини илгари сурмайди. Пенсильваниялик пўлат ишлаб чиқарувчилар у ердан бўлган ҳар битта сенатор ёки конгрессменни босим остида ушлайди. Улар «биз бутун оиламиз билан сизнинг келаси сафар сайланмаслигингиз учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — дейишади. Ҳукуматни мана шундай нарсалардан асраш учун шундай келишувлар мавжуд саналади.

«Агар ташкилотга аъзо бўлсак, бу, биринчидан, бизни ҳам ўзгарувчан савдо сиёсатидан кетишимизга мажбурлайди. Ҳозир барчасини ўзимиз бемалол ўзгартирсак, унда ҳар бир аъзо мамлакатга нима қилмоқчи эканимизни айтишимизга тўғри келади. Лекин бунинг асл мақсади ўзимизнинг фойдамиз ҳисобланади. Чунки, биламизки, эркин савдо мамлакатларни бойитувчи нарса саналади. Шунинг учун ҳам тор доирадаги манфаатдор гуруҳларнинг савдо сиёсатига бўлган кучини заифлаштириш учун ташкил қилинган бу ташкилот Ўзбекистонни ҳам, яъни бу иш билан шуғулланиши лозим бўлган депутатларни шундай босимлардан ҳоли қилувчи восита, деб ҳисобласак бўлади», — дея фикрини якунлади Беҳзод Ҳошимов.

Интервьюни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин: