Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида поезд йўлига чиққан Lacetti автомашинасини уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Қайд этилишича, ҳодиса 6 август куни соат 12:40 атрофида туманнинг Жозиба маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Н 1591 автомобиль йўлида содир бўлган.

24 ёшли ҳайдовчи Lacetti автомобилида темирйўл кесишмасида ўрнатилган светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган.

Шу пайтда ушбу йўналишдан ҳаракатланиб келаётган Сариосиё-Термиз йўловчи поезди уни уриб юборган. Оқибатда ҳайдовчи олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.