7 август куни президент томонидан «Пробация тўғрисида»ги қонун [ЎРҚ-938-сон] имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Қонунга кўра, пробация — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазоларнинг ижро этилишини таъминлашга, маҳкумларга ижтимоий-ҳуқуқий ва тарбиявий таъсир кўрсатишга, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлашга, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси пробацияни амалга ошириш соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг пробация хизмати пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатли органдир.

Пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар жумласига қуйидагилар киради:

  • меҳнат органлари;
  • давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;
  • Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари;
  • таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари;
  • Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

Шахсни пробация ҳисобига қўйиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек амнистия акти ёхуд афв этиш асос бўлади.

Қонунга кўра, шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади.

Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётгани тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида электрон браслет ҳақида нималар дейилганди?

Апрель ойида электрон браслет жорий этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Унда браслет қўллаш тўғрисида қуйидаги маълумотлар берилганди.

Унга кўра, электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс оёғининг болдир қисмига тақилади. Уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахснинг оёғига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ҳолатда) электрон браслетни қўлнинг билак қисмига тақишга рухсат берилади.

Аёл жинсидаги шахсга электрон браслет шу жинсдаги ходим (ички ишлар органи жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори) томонидан тақилади. Ҳомиладор аёл, ушбу Низомнинг иловасида назарда тутилган касалликка чалинган ёки жисмоний нуқсони бўлган шахсга электрон браслет тақилмайди.

Уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс уй қамоғи эҳтиёт чорасини ёки озодликни чеклаш жазосини ижро этиш жараёнида электрон браслетни оёғидан (ёки қўлидан) ечмайди ва доимий ишчи ҳолатда бўлишини таъминлайди.

Электрон браслетнинг визуал сигнали ишга тушган тақдирда жамоат хавфсизлиги хизмати ходими профилактика инспектори билан биргаликда юзага келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахснинг электрон браслетни ечишга, унга шикаст етказишга ёки қочишга бўлган уринишларини бартараф этиш (тўхтатиш, чек қўйиш, назоратни кучайтириш), уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс қочган тақдирда, уни таъқиб қилиш ва ушлашга қаратилган чораларни кўради.

Электрон браслетнинг визуал сигнали ишга тушиш сабабларига аниқлик киритиш жараёнида уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахснинг қочганлиги тасдиқланган тақдирда жамоат хавфсизлиги хизмати ходими зудлик билан ички ишлар органларининг қўшимча куч ва воситаларини жалб қилиб, қочган шахсга тақилган электрон браслетдан узатилаётган GPS сигналига мувофиқ уларни тегишли ҳудудга йўналтиради. Мазкур ҳаракатлар қочган шахснинг ушлангунига қадар давом этади.

Электрон браслетга уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс қасддан шикаст етказган ҳолларда етказилган моддий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши белгиланганди.