26 июль куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ички ишлар бўлими машинасидан сакраб қочмоқчи бўлган фуқаро вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълум қилди.

Соат 01:30 ларда Т.М. исмли шахс Қўштепа маҳалласидаги автомобилларни ювиш шохобчасида маст ҳолатда жамоат тартибини бузган. Шу сабабли маҳаллий аҳоли мурожаатига асосан ИИО ходимлари келган ва Т.М.ни мастлиги тарқалгунига қадар Бўка тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли ҳушёрхонага олиб бормоқчи бўлган.

Аммо хизмат автомашинасининг орқа ўриндиғида ўтириб кетаётган фуқаро Т.М. ходимлардан қочиш мақсадида эшикни елкаси билан итариб очган ва ўзини ерга ташлаган.

Шифохона маълумотига кўра, унда «бош қисмининг ички ва ташқи жароҳатлари, шилинган, бурун суяги синиши ва бошқа тан жароҳатлари ҳамда алкоголь мастлик ҳолати» аниқланган.

Т.М.да жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати сабабли Бекобод тумани марказий шифохонасига олиб борилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида Оққўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, ИИО ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

«Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», — дейилади хабарда.