Парижда ўтган 2024 йилги Олимпия ўйинларининг иккинчи кунида ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова (-52 кг) олтин медални қўлга киритди. Спортчининг япониялик олимпиада чемпиони Ута Абэни чорак финалда мағлубиятга учратгани бутун спорт оламида катта шов-шув кўтарди. Диёранинг медали дзюдо бўйича Ўзбекистон учун биринчи олтин медаль бўлганидан ташқари, ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик аёллар қўлга киритган илк олтин ҳам бўлди.

Халқаро дзюдо ассоциацияси сайти 26 ёшли спортчи ва унинг мураббийи Марко Шпитка билан уюштирилган интервьюни эълон қилди. Унда Диёра ва мураббий ушбу медаль, унгача бўлган жараён ва медалнинг Ўзбекистон аёллари келажагига қандай таъсир қилиши ҳақида сўз боради.

Германиялик Марко Шпитка Атланта-1996 ёзги Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби бўлган. 2022 йилда Ўзбекистонга келган.

ijf, дзюдо, диёра келдиёрова, марко шпитка

Марко Шпитка ва Диёра Келдиёрова. Фото: МОҚ.

Мураббийнинг айтишича, у Ўзбекистонга атлетлар билан шуғулланиш учун келмаган. У спорт директори сифатида барча мураббийлар учун масъул, Марконинг роли уларга дарс бериш ва фаолият режаларини тузиш бўлган. «Менда ҳудудларда дзюдони ривожлантириш вазифаси ҳам бор эди», — дейди у.

Анталия-2022: Марко ва Диёра бирга ишлашни бошлади

«Диёра ўзининг шахсий мураббийи Нелли билан ишлаган ва айнан Нелли менга Диёра билан спортчи-мураббий муносабатларимиз қандай кечишини синаб кўришни таклиф қилган. Ўшанда Анталия-2022 мусобақаси бўлди ва Диёра кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақиқатан ҳам кучли турнир, унинг учун «Катта дубулға»дан олинган иккинчи медаль эди», — дейди Марко Шпитка.

ijf, дзюдо, диёра келдиёрова, марко шпитка

Анталия-2022: -52 кг вазн тоифасидаги баҳслар ғолиблари.

Марко: «Диёрага техник машғулотларда ёрдам бера бошладим ва Нелли у билан ишлашни давом эттиришни таклиф қилди. Спортчини олиб, узоқ вақт давом этадиган ҳолат учун ўзимни мажбурлаш мен учун эмас, шунинг учун биз ҳаммамиз жамоа сифатида шу қарорга келдик. Энди биз учаламиз яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз ва бунда қўллаб-қувватлаш учун ёрдамчи гуруҳ мавжуд».

«Кейинчалик, узоқ кечган жараёнда, Олимпия ўйинларидан 4 ой олдин федерация томонидан энди аёллар миллий мураббийи бўлмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинди ва бунинг ортидан менга аёллар жамоаси учун янада кучли тизим яратиш вазифаси топширилди. Менинг барча учун тўлиқ ҳамма нарсани қилишим имконсиз. Менинг сиёсатим нима қилаётган бўлсам, ана ўшанга боримни беришдан иборат. Шу сабаб ҳудудлардаги ишим ва ёш спортчилар билан ишлашни камайтиришимга тўғри келди. Биз босқичма-босқич, бирма-бир медаль билан бордик. Ўшанда Диёра жаҳон чемпионатида иккинчи кумуш медалини қўлга киритди».

Японияда Абэ билан ўтказилган машғулотлар ҳақида

«Биз рақибларнинг ишлаш кўрсаткичларини жуда кўп таҳлил қилдик ва машғулотларда аниқ нуқталар устида ишладик. Биз, умуман, ҳаммага қарши қандай ғалаба қозониш мумкинлигини ўргандик. Ушбу ўйинларга қадар Японияда Абэ билан машғулотларда жуда кам рандори амалиётини ўтказишга муваффақ бўлдик; кўпроқ нарсани хоҳладик, лекин бу зарур маълумотларни олиш учун етарли бўлди. Олимпиадада Абэ билан беллашувдаги дастлабки икки дақиқа у учун эди, аммо биз ушбу якуний техникада 6 ойдан кўпроқ вақт давомида ишладик ва Диёра бу ечимни чап томонда топди».

Рандори — япон жанг санъатларидаги амалиётнинг эркин шаклини билдирувчи атама. Кўпинча бу тушунча классик спарринг деган маънони англатади.

«Баллҳаус (чорак финалдаги германиялик спортчи — таҳр.) билан кураш ҳам қийин кечди, эҳтимол, бошқалар ўйлагандан ҳам қийинроқ бўлди. Бунда ҳам ечим тополдик. Мусобақа пайтида аёллар ва эркаклар ўз кучини кўрсатишда кўпинча фарқли бўлади ва аксар аёлларда Диёра сингари техникани тўлиқ қувват билан такрорлай олиш қобилияти йўқ, аммо у кўплаб уринишлардан сўнг балл олишга муваффақ бўлди».

ijf, дзюдо, диёра келдиёрова, марко шпитка

Диёранинг чорак финалдаги Баллҳаус билан жангидаги эмоцияси.

«Япония яхши сармоя бўлди»

«Мен бизда имкон борлигини Доҳадаги мусобақалардан кейин сезгандим ва шу пайтдан бошлаб биз шунчаки медаль эмас, балки Олимпия олтинини мақсад қилдик. Кўп кўтарилиш ва пасайишлар бўлди, машғулотларда жуда ёмон кунлар ҳам ўтди, лекин у вақтларга асабийлашмаймиз, фақат давом этамиз. Энди Диёрада тажриба, юрак, характер ва техника бор, бу жуда зўр. Японияда кўп вақт ўтказдик, бунинг Европадан фарқи катта. Бу арзон бўлмаса ҳам, лекин яхши сармоя бўлди».

Янги авлод аёллари ҳақида

«Энди бизда турмушга чиқиш ягона вариант эмаслигини кўрадиган янги авлод аёллари пайдо бўлади. Аёллар, айниқса, чекка ҳудудлардагилар иш топиб, ўзи пул топишни бошламоқда, бу нуқтага эришиш осон эмаc».

ijf, дзюдо, диёра келдиёрова, марко шпитка

Диёра Келдиёрова: «Эркаклар мендан нега ҳали ҳам дзюдода эканимни сўрашади»

Бу орзу эмас, мақсад эди. Мен ҳар доим уни эплашимга ишонардим, фақат ишладим ва босқичма-босқич олға ҳаракат қилдим. Жангим фақат медаль ҳақида ўйлаш бўлибгина қолмай, ҳар доим олдимда турган масала эди.

Эркаклар ҳали ҳам мендан нега дзюдода эканимни сўрашади. Улар бизни спортда ҳеч нарса қила олмаслигимизни, унинг ўрнига овқат пиширишим ва оилам бўлиши кераклигини айтишади. Лекин айнан шу ҳар доим мотивация берган. Агар биз эшикларни очолсак, аёллар ҳамма нарсани қилишлари мумкинлигини кўрсата оламиз. Мен оилалиман ва одатда Ўзбекистонда турмуш қурган аёл фақат уйда, спорт билан бошқа шуғулланмайди, лекин эрим мени юз фоиз қўллаб-қувватлайди ва бунинг учун уни ҳам қўллашади.

Дарҳақиқат, фикрлар шунчалик тез ўзгариб бормоқдаки, энди мени қўллагани ва бу жараёндаги менга қилган ёрдами учун уни дунёдаги энг зўр эркак дея аташганларини ҳам кўп эшитяпмиз. Ундан бундай қўллов олиш мен учун муҳим.

Марко: «Мамлакатда энди аёллар ҳам яхши натижаларга эришмоқда»

Жамоадаги эркаклар Диёра ва аёллар жамоаси қанчалик қаттиқ ишлаётганини кўришади. Улар шунчаки ўйнаётгани йўқ ва жамоадаги эркаклар буни ҳурмат қилишади ва қабул қилишади. Энди аёллар ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Мамлакатдаги спорт раҳбарлари энди медалларни қайси жинс ва ёшдагилар олганига аҳамият қилмай, борича қабул қилмоқдалар ва шунинг учун сармоялар тенглашди. Маданиятни ўзгартириш учун вақт керак, аммо узоқ масофаларгача ёрдам берувчи хулқ-атворни ўзгартиришга камроқ вақт сарфлаш мумкин.

ijf, дзюдо, диёра келдиёрова, марко шпитка

Диёранинг келгуси режалари

«Мен энди дам олишим керак. Икки йил давомида тузик дам олмадим ва энди ўзимни тиклаб олиш вақти келди. Ҳар бир ривожланиш, ҳар бир қадам катта ҳиссиётлар беради. Олимпия чемпиони бўлиш — катта қадам, лекин мен энди тўғри иш ва энг яхши касбни танлаганимни англаб етдим. Менинг номим шуни кўрсатмоқда. Бу ўзига нисбатан ишончнинг ўзига хос туридир».