Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Ички ишлар бошқармаси профилактика инспектори турмуш ўртоғи, фарзанди ва ўзини отиб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар берди.

Қайд этилишича, ҳолат 6 август куни соат 21:00 атрофида ходимнинг хизмат хонадонида содир бўлган. 28 ёшли инспектор ва ўзи тенги турмуш ўртоғи ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Оқибатда ходим ўзига бириктирилган «ПМ табель» қуроли билан хотини ва 7 ойлик ўғил фарзандига ўқ узиб қасддан ўлдирган. Шундан сўнг, қуроли билан ўзининг бош қисмидан бир маротаба ўқ узиб, жонига қасд қилган.

Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.