Париждаги Олимпиада ўйинларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига секундантлик қилган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов «Чингиз Айтматов» медали билан тақдирланди, дея хабар бермоқда 24.kg нашри.

«Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми» халқаро жамоат бирлашмаси бош котиби Ассол Молдокматованинг маълум қилишича, ўзбекистонлик мураббийни «инсонийлик, бағрикенглик ва халқ дипломатиясининг юксак савияси учун» мукофотлаш тўғрисидаги қарор 5 август куни қабул қилинган.

«Акмалга инсонийлиги ҳамда биродарлик муносабати учун раҳмат. Биз буни қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз ва қойил қоламиз. [Қирғизистонга] келишингизни интиқлик билан кутамиз. Сиз барча мақтов ва мукофотларга лойиқсиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Парижда ўтаётган ёзги Олимпия ўйинларида 4 августга ўтар кечаси қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли америкалик Ҳарвей Жаҳмалга қарши чорак финал жангини ўтказиб, ярим финалга чиққанди. Жанг давомида унга Ўзбекистон делегациясидан борган мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилган.

Мунарбекнинг шахсий мураббийи Беганас Султанбаев эса жангни экран орқали томоша қилган. Тармоқларда келтирилган маълумотларга кўра, Мунарбекнинг шахсий мураббийи Беганас Султанбаев аккредитация муаммолари сабаб Парижга бора олмаган.

Ўзбекистонлик мураббий Акмал Хасанов «Газета.uz» билан суҳбатда Мунарбек Сейитбек ўғлини яхши танишини, у Ўзбекистонга йиғинга тез-тез келиб, ўзбекистонлик спортчилар билан бирга машғулотлар олиб борганини айтган. Қолаверса, ўзбекистонлик мураббийлар бокс бўйича Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи Дониёр Тўлоғон ўғли билан ҳам яхши муносабатда.

«Мунарбек Олимпиадага ёлғиз келгани учун биз билан машғулот ўтказди. У мендан ёрдам беришимни илтимос қилди. Қардош давлатларимиз дўстона муносабатларга эга, биз унга ёрдам беришдан хурсанд бўлдик. У тарихга кирди ва Қирғизистон тарихида бокс бўйича биринчи Олимпиада совриндори бўлди», — деган Ҳасанов.