БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили этиб тайинланган Акико Фужии экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов билан илк расмий учрашувини ўтказди, деб хабар қилди БМТТДнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Учрашув давомида томонлар иккита, шу жумладан, 2025 йилдан ишга тушадиган Глобал экологик фонд (ГEФ) молиялаштирувидаги Кичик грантлар дастурининг саккизинчи босқичининг бошлаш тўғрисидаги келишувни имзолади.

ГEФ Кичик грантлар дастури Кунминг-Монреал глобал биохилма-хиллик асосига мувофиқ биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлар ва Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.

У техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш орқали маҳаллий жамоаларни, фуқаролик жамияти вакиллари ва академик муассасаларни хавф остидаги экотизим ва турларни қайта тиклашга жалб қилади.

Яна бир битим БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги (БМТ ҚБОК) молиявий кўмаги ҳамда БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси (БМТ ЕИК) билан ҳамкорликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга қаратилган.

Ушбу ташаббус экологик мақсадларни Ўзбекистонда яшовчи Афғонистон фуқароларини «Яшил макон» учун кўчат материаллари ишлаб чиқариш, кўчатзорларни яратиш ва сақлашга жалб этиш орқали қўллаб-қувватлаш билан бирлаштиради.

Лойиҳа ҳукуматга режалаштирилган мақсадларга эришиш прогнозлари ва экилган дарахтларнинг омон қолиш даражасини ҳисобга олган ҳолда «Яшил макон» лойиҳасининг бош режасини ишлаб чиқишда ёрдам беради. «Яшил макон» ташаббусини мониторинг қилиш бўйича мавжуд ахборот платформаси ўрганилиб, уни такомиллаштириш эҳтиёжлари аниқланади.

экология вазирлиги, гэф кгд, бмттд, яшил макон

«Сизга Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш масалалари бўйича давлат раҳбарининг олий маслаҳатчи органига айланадиган Иқлим кенгаши ташкил этилгани ҳақида хабар беришдан мамнунман. Ҳозир биз нафақат Экология вазирлиги, балки бутун экологик комплексни тубдан ўзгартириш жараёнида турибмиз. Ўзбекистонда экологик муаммоларни бартараф этиш ва атроф-муҳитни бошқариш тизимини такомиллаштириш устувор вазифа ҳисобланади», — деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

экология вазирлиги, гэф кгд, бмттд, яшил макон

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии шундай таъкидлади: «БМТ Тараққиёт дастури ҳукуматнинг табиатни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш бўйича ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди. Колумбиядаги КС-16 (21 октябрь-1 ноябрдаги БМТ биохилма-хиллик конференцияси —таҳр.), Саудия Арабистонидаги КС-16 (2−13 декабрдаги БМТ қуруқлик ва қурғоқчилик конференцияси) ва Озарбайжондаги КС-29 (11−22 ноябрдаги БМТ иқлим конференцияси)да биологик хилма-хиллик, чўлланиш ва иқлим муаммоларига ўзининг қатъий содиқлигини ва фаол жавобини кўрсатаётган Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни интиқлик билан кутамиз. Вазирлик билан ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш ва жамоавий таъсиримизни ошириш вақти келди».

Ҳайвонот дунёси мониторинги салоҳиятини ошириш мақсадида БМТТД ва Экология вазирлигининг қўшма лойиҳаси доирасида ГЭФ томонидан молиялаштириладиган лойиҳа орқали Оролбўйидаги саккизта қўриқланадиган ҳудудга қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ зарур ускуналар етказиб берилди.

Қўриқланадиган ҳудудлар дурбинлар, камералар, GPS қурилмалари, принтерлар, алпинист чодирлари, дала кийимлари, уйқу қоплари ва автоматик об-ҳаво станциялари, термометрлар ва оптик микроскоплар каби ўлчов асбобларидан фойдаланиш орқали патрул ва ҳимоя хусусиятларини яхшилаши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Жанубий Устюрт миллий табиат боғига дала мониторинги станцияси ҳамда музлатгич ва тузсизлантириш мосламаси билан жиҳозланган автомашина ҳамда бошқа зарур жиҳозлар топширилди.