Хон исмли Турон йўлбарси Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Футзал бўйича Жаҳон чемпионати расмий тимсоли этиб танланди. Бу ҳақда ФИФА расмий сайтида маълум қилинди.

«ХОН ҳақиқатан ҳам футзалнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, тезлиги ва жозибали табиати ҳамда Ўзбекистоннинг маҳаллий ва минтақавий меросини ифодалайди», — дейилади ФИФА хабарида.

ЎФА эса «Ўрта Осиёнинг йўқотилган бойлиги дея таърифланадиган Турон йўлбарсини Жаҳон чемпионати тимсоли дея эълон қилиниши бутун дунёни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга яна бир бор ундаши»ни қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг уч шаҳри — Тошкент, Бухоро ва Андижон футзал бўйича 2024 йилги ФИФА жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

Марказий Осиёда илк бор ўтадиган ФИФА шафелигидаги мусобақада дунёнинг энг кучли 24 терма жамоаси футзал бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради. Тарихда 10-бор ташкил этилаётган мусобақа 14 сентябрдан 6 октябргача давом этади.