Яҳё Синвар Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳи сиёсий бюросининг янги раҳбари этиб сайланди, деб хабар бермоқда Reuters.

Синвар июль ойи охирида Эроннинг янги президенти инаугурацияси учун Теҳронга борган ва ўлдирилган Исмоил Ҳания ўрнини эгаллайди. ҲАМАСга кўра, Ҳания исроилликларнинг у истиқомат қилаётган қароргоҳга берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Исроил томони бу қотиллик учун жавобгарликни расмий равишда ўз зиммасига олмаган.

Синвар марҳум Ҳаниянинг ўлимидан кейин омон қолган ҲАМАСнинг энг нуфузли етакчиси ҳисобланади, дея қайд этади Reuters. У Ғазодан паноҳ топган.

Исроил расмийлари Синварни 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига ҳужуми ташкилотчиларидан бири деб ҳисоблайди, бу ҳужумда 1200 га яқин одам ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ одам ўғирлаб кетилган.

Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) вакили Даниэль Ҳагари Исроил Синварни таъқиб қилишда давом этишини айтди. «Яҳё Синвар учун фақат битта жой бор ва у Муҳаммад Дейф ва 7 октябрдаги бошқа террорчиларнинг ёнидир», — деди у Al-Arabiya телеканалига. ЦАХАЛнинг таъкидлашича, ҲАМАС ҳарбий қаноти раҳбари Дейф июль ойи ўрталарида Исроил ҳаво ҳужуми пайтида ўлдирилган.

Синвар ҳақида нималар маълум?

Яҳё Синвар 1962 йилда Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнис қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси асли Ашкелондан бўлган, аммо «Накба»дан кейин қочқин бўлишган. «Накба» («Катастрофа») — 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилганидан кейин бошланган уруш пайтида фаластинликларнинг ўз уйларидан оммавий кўчишини фаластинликлар шундай аташади. Синвар ҲАМАС ҳарбий бўлинмалари, шунингдек, ҳаракат хавфсизлиги аппаратининг асосчиларидан бири ҳисобланади.

1988 йилда Синвар исроилликлар томонидан ҳибсга олинган, ўшанда Исроил билан ҳамкорлик қилишда айбланган тўрт нафар фаластинликни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У Исроил қамоқхонасида 22 йилдан ортиқ вақтни ўтказди, бу орада у иброний тилини ва Исроил маданиятини ўрганди.

Синвар 2011 йилда исроиллик аскар Гилад Шалит эвазига озод қилинган 1027 нафар фаластинлик орасида бўлган. 2013 йилда у Ғазо секторидаги ҲАМАС сиёсий бюросига аъзо этиб сайланган, 2017 йилда эса унинг раҳбари бўлган.

Синвар, шунингдек, Эронга яқин, деб таъкидлайди BBC. «Теҳрон ҲАМАСни маблағ билан таъминлайди, ўқитади ва қуроллантиради, унга ҳарбий салоҳиятини оширишга ва Исроил шаҳарларини ўққа тутадиган минглаб ракеталар арсеналини тўплашга ёрдам беради».

Синварнинг Исроилга нисбатан қатъий позицияси унинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан ушлаб турилган 115 га яқин исроиллик гаровга олинганларни, тирик ва ўликларни қайтариш бўйича келишувга эришишга интилмаслигида намоён бўлади, деб ёзади The New York Times.

Исроил ва Америка разведкаларининг таъкидлашича, Синварнинг стратегияси Исроилнинг халқаро обрўсига путур етказиш ва унинг асосий иттифоқчиси — АҚШ билан муносабатларини ёмонлаштириш учун Ғазода урушни имкон қадар узоқ давом эттиришдан иборат.