Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 7 август куни 7 та машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумот берди.

ЙТҲ соат 16:54 атрофида Беруний кўчасида юз берган. Тўқнашув иштирокчилари: 2 та Matiz, 1 та Nexia 3, 1 та Tracker, 1 та Onix, 1 та Chery, 1 та Isuzu.

Millar дастури маълумотларига кўра, тўқнашувга Chery автомашинаси тормозидаги носозлик сабаб бўлган. Светофорнинг қизил чироғига тўхтамоқчи бўлган ҳайдовчи бунинг уддасидан чиқмаган ва қаршисидаги машиналарга урилган.

ЙҲХБ хабарида жароҳат олганлар йўқлиги айтилади. Шу билан бирга, Millar репортажида ҳайдовчилардан бири қўли ва курагидан жароҳат олганини, бошқа бири эса машинадаги 2 ойлик фарзанди шифохонага олиб кетилганини билдирди.

Бошқа ҳолатда 7 август куни соат 16:30 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида 5 та автомашина тўқнашган. Булар: Matiz, Spark, Cobalt, Kia, BYD.

ЙТҲда ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳолат оқибатида кўча бўйлаб 4 дақиқалик қисқа тирбандлик юзага келган.

Ҳозирда иккала ҳолат бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.