7 август куни Афғонистонда қайта тикланган Найбобод темирйўл станцияси очилди. Тиклаш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Термиз минтақавий темирйўл узели ва «Сўғдиёна Транс» шуъба корхонаси билан ҳамкорликда Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилди, дея хабар берди ЎТЙ.

2023 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл компаниялари раҳбарлари Ҳайратон — Найбобод — Мозори Шариф темирйўлининг бир қисмини таъмирлашга келишиб олганди. «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев таъмирлаш ишларини «сифатли, қулай нархда ва 50 фоизлик чегирма билан амалга оширишга» ваъда берган.

афғонистон, темирйўл, ўзбекистон темир йўллари

Компания Ҳайратондан Мозори Шарифгача бўлган линия қурилишини 2010 йил ноябрь ойида якунлаган. Унинг узунлиги 75 км, лойиҳа қиймати эса 129 млн долларни ташкил этган. Компаниянинг «Сўғдиёна Транс» шуъба корхонаси 2011 йил декабрь ойида Афғонистонда ушбу линиядан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш мақсадида очилган.

Маросим давомида Найбобод станциясига биринчи юк вагонлари келди, бу «минтақанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда янги босқичнинг бошланишини англатади», дейилади хабарда.

афғонистон, темирйўл, ўзбекистон темир йўллари

Қайта тикланган линиясининг очилиш маросимида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбарининг биринчи ўринбосари Ҳикматулла Раҳметов иштирок этди.

Афғонистон томонини бош вазир ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар, Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо, жамоат ишлари вазири Ал-ҳаж Муҳаммад Исо, жамоат ишлари вазирининг темирйўл масалалари бўйича ўринбосари Ал-ҳаж Бахтулраҳмон Шарафат ва бошқа амалдорлар иштирок этди.

афғонистон, темирйўл, ўзбекистон темир йўллари

Мансабдорлар ўз чиқишларида Афғонистоннинг минтақавий юк логистикасидаги муҳимлигини таъкидлади.

«Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакат Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан ўз ҳудудидан ўтадиган автомобиль ва темирйўл йўналишлари орқали боғлашда муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек темирйўл мутахассислари томонидан тикланган Найбобод станцияси Россия, Қозоғистон, Хитой ва Европа мамлакатларидан Афғонистон орқали Покистон, Ҳиндистон ва бошқа Жанубий Осиё мамлакатларига юкларни ташиш учун муҳим марказ бўлади», — дея таъкидлади ЎТЙ.

афғонистон, темирйўл, ўзбекистон темир йўллари

Мозори Шариф — Кобул — Харлачи йўналиши бўйлаб Трансафғон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. «Ушбу лойиҳа минтақадаги логистика алоқаларини сезиларли даражада яхшилаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга имкон беради», — дейилади хабарда.

Тадбир якунида Афғонистон томони ўзбекистонлик ҳамкасбларига 75 км узунликдаги темирйўл линияси ва Найбобод станциясида таъмирлаш-тиклаш ишлари учун миннатдорчилик билдирди. Иккала томон ҳам барча иштирокчилар учун ўзаро манфаатли бўладиган ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлигини қайд этилди.