Ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халоков Париждаги Олимпия ўйинлари финалчисига айланди.

24 ёшли Абдумалик Халоков 2023 йилда жаҳон чемпиони, 2018 йилда Осиё ўйинлари, Осиё чемпионати ва ўсмирлар Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган. 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида у катталар олимпиадасида дебют қилди ва Ўзбекистон байроқдорига айланди.

Ярим финалда ўзбекистонлик спортчи Тинч океани ўйинлари чемпиони бўлган австралиялик 22 ёшли Чарли Сениорни 5:0 ҳисобида (30/27, 30/27, 30/27, 30/28, 30/28) мағлуб этди.

Унинг финал жанги 11 августга ўтар кечаси соат 00:47 да ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов ёрдам берган қирғизистонлик Мунарбек Сейитбек ўғлига қарши бўлиб ўтади.

Бокс бўйича эркаклар терма жамоасининг 7 нафар вакилидан 5 нафари Олимпиаданинг финал босқичига йўл олди. «Олтин» учун рингга биринчи бўлиб Хасанбой Дўсматов (51 кг гача) 9 августга ўтар кечаси соат 1:34 да чиқади.