Остона жиноят ишлари бўйича туманлараро суди Қозоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаевни 2022 йил январидаги намойишларга доир иш бўйича мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топиб, 5 йилга шартли озодликдан маҳрум қилди, деб ёзди Zakon.kz.

Нашрнинг аниқлик киритишича, прокурор собиқ вазирга беш йиллик қамоқ жазосини сўраган. Суд ўз айбига иқрор бўлгани, чин кўнгилдан пушаймонлиги, биринчи марта жиноят содир этгани, шунингдек, жиноят таркибида коррупциявий жиҳат йўқлигини инобатга олиб, Тургумбаевга нисбатан шартли жазо тайинлади.

Бундан ташқари, ИИВ собиқ раҳбари 10 йил муддатга муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Суд, шунингдек, Қозоғистон президентига Тургумбаевни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш таклифини киритди.

Собиқ вазир шу йил апрель ойи охирида оғир оқибатларга олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда (Қозоғистон Жиноят кодекси 362-моддаси 4-қисми) гумонланиб ҳибсга олинган эди. Ушбу модданинг энг юқори жазоси 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Тургумбаев 2019 йилдан 2022 йил февралигача Қозоғистон ИИВ раҳбари лавозимида ишлаган, шундан сўнг президент Қосим-Жомарт Тоқаев уни лавозимидан озод этиб, ўзининг маслаҳатчиси этиб тайинлаган. 2023 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) маслаҳатчиси бўлди.

  • 2022 йил 2 январь куни Ғарбий Қозоғистонда газ нархи ошишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди, кейинчалик бу норозилик бошқа шаҳарларга, жумладан, Олмаота ва Остонага ҳам тарқалди. Намойишчиларнинг талаблари ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсийга ўзгарди. Улар, жумладан, собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимидан кетишини талаб қилишди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Кейинчалик бу воқеалар қозоқчада «қонли январь» деган маънони англатувчи «Qandy Qantar» номи билан оммалашди.
  • Мамлакатдаги норозилик намойишлари ортидан юқори мартабали хавфсизлик ходимлари, жумладан, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари ва собиқ бош вазир Карим Масимов ҳамда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов истеъфога чиққан ва ҳибсга олинган. 2023 йил март ойида ҳарбий суд Бектановни январь воқеалари вақтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айблаб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ўша йилнинг апрель ойида Масимов устидан суд ниҳоясига етди — у давлатга хиёнат ва ҳокимиятни куч билан тортиб олишда айбдор деб топилди, у 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
  • Ўтган йилнинг сентябрида январь ойидаги намойишлар юзасидан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишга нисбатан ҳам иш очилганди. Март ойида у шартли жазони олди, суд унинг болалари борлигини ва пушаймонлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида тан олди.