Остонадаги Маслаҳат учрашуви доирасида Шавкат Мирзиёевга минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони тантанали топширилди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Марказий Осиё етакчиларига миннатдорлик билдириб, ушбу юксак мукофот мамлакатларнинг минтақавий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги умумий ютуқларнинг эътирофи эканини таъкидлади.

марказий осиё, фахрий нишон, шавкат мирзиёев

«Сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугун Марказий Осиё қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.

Унинг сўзларига кўра, мувофиқлаштирилган фаолият натижасида товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми бир неча баробар кўпайди, кенг кўламли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда, чегараолди савдо ҳудудлари, қўшилган қиймат занжирлари, замонавий транспорт ва энергетика инфратузилмаси барпо этилмоқда.

«Бирдамлик ва минтақавий ўзига хослик туйғуси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришларни минтақа мамлакатлари фуқаролари ўз кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда», — дейилади хабарда.

Тадбирда халқаро субъектликнинг мустаҳкамланиши ва минтақанинг юқори жозибадорлиги туфайли Марказий Осиё иқтисодий фаоллик марказига, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи транспорт-коммуникация кўпригига айланаётгани билдирилди.

У муҳим ташаббус ва қарорларнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида минтақа мамлакатларининг яқинлашув жараёни барқарор, изчил ва ортга қайтмас тус олганини алоҳида қайд этди.

Якунда Шавкат Мирзиёев етакчиларга юксак мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, Марказий Осиёни тинч ва фаровон ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолишини таъкидлади.

Бир кун аввал Қосим-Жомарт Тоқаев Мирзиёевга «Олтин Қирон» («Олтин бургут») орденини топширганди. Бу мукофот Қозоғистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшганлик учун берилади.